Лондон ажойиботлари: Британия визаси ким ошди савдосига қўйилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA
Image caption 2012 йилда ҳукумат хориж инвесторларига 538 та ва уларнинг оила аъзоларига 1038 та виза берган.

Times газетининг ёзишича, Британия ҳукумати маслаҳатчилари бадавлат хорижликлар учун виза кимошди савдосини ташкил қилиш режасини кўриб чиқмоқчи.

Унга кўра, Британияда оиласи билан яшаш рухсатномасига эга бўлиш учун ўзига тўқ хорижликлар аукционда қатнашишлари керак бўлади.

Шу билан бирга, ҳукумат бунинг бошқа шаклини ҳам ишлаб чиқиш ниятида. Парламентга тақдим қилинадиган лойиҳага биноан, пулдор чет эллик шахс бирор ўқув юрти ва касалхонага моддий кўмак тариқасида "тўлов" қилишлари лозим.

Шундай қилиб 1, 5 ва 10 миллион фунтни ётқизиш ёки давлат заёмларини сотиб олиш мумкин. Бу беш, уч ёки икки йилдан сўнг доимий яшовчи мақомини олиш ҳуқуқини беради.

Timesнинг ёзишича, "инвесторлар визаси" кейинги пайтда бадавлат россиялик ва хитойликлар учун Британияга келиб жойлашишларининг осон ва арзон йўли бўлиб қолгани ҳақидаги хавотирлар тез-тез эшитилмоқда.

Бундан ташқари Британияда беш йил яшаб ва доимий турувчи мақомига эга бўлган инвесторлар Британия фуқаросини ҳам оладилар.

2012 йилда ҳукумат чет эллик инвесторларга 538 ва уларнинг оила аъзоларига 1038та виза берган. Бу рўйхатдагиларнинг аксариятини Россия, Хитой ва Америка фуқаролари ташкил қилган.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бадавлат кишилар ўзларига зарар етмайдиган яхши усулни топиб олишди. "Улар баъзида қимматли қоғозларни сотиб олишади. Резидент бўлгунча ушлаб, сўнг сотиб юборишади", деб тушунтиради ҳукумат қошидаги муҳожирлик сиёсати бўйича қўмита профессори Дэвид Меткалф.

Ўз навбатида, Ички сиёсат бўйича ҳукумат қўмитаси раиси Кит Ваз инвесторларга виза беришнинг ҳозирги йўлларини қайта кўриб чиқиш кераклигини билдиради. Унинг сўзларига кўра, бу каби виза хорижий шахсларнинг шахсий манфаатини кўзлаб, Британия жамиятига фойда бермаяпти.

Маслаҳатчиларнинг бадавлат хорижликлар учун кимошди виза лойиҳаси феврал ойида муҳокамага қўйилади.

Бундан олдин Малта Оврўпо Иттифоқининг барча давлатлари ҳудудида яшаш ҳуқуқини берадиган паспортни 650 минг еврога сотиб олиш ҳақидаги режасини эълон қилганди.