Россияда Хавфсизлик хизмати салоҳияти кенгайтирилиб, Интернет устидан назорат кучайтирилиши таклиф қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Ўзгартиришлар муаллифларидан бири Ирина Яровая.

Россия Давлат Думасига террорчиликка қарши кураш қонунига ўзгартиришлар таклифи тақдим этилди.

Ушбу ўзгартиришлар Федерал Хавфсизлик Хизматининг салоҳиятини кенгайтириш ва Интернет устидан назоратни кучайтиришни назарда тутади.

Ўзгартиришлар муаллифлари "Единая Россия" партиясидан, Думадаги Хавфсизлик ва Коррупцияга қарши кураш қўмитаси раҳбари Ирина Яровая, ЛДПР партиясидан, Британияда Александр Литвиненконинг ўлимига алоқадорликда гумон қилинган Андрей Луговой ва яна қатор шахслардир.

Ўзгартиришларда назарда тутилган асосий нуқталардан бири Россия бўйлаб аноним равишда пул ўтказмалари миқдорини чеклаш ва пул юборувчи хорижда бўлган тақдирда уларни бутунлай тақиқлашдир.

Аноним пул ўтказмаси деганда пул юбораётган шахснинг ўз исми ва бошқа маълумотларни ошкор этмаслиги тушунилади.

Халқ вакиллари шунингдек, хориждан туриб ноҳукумат ташкилотларига 3 минг доллардан кўпроқ маблағ юборилган тақдирда, албатта назорат остига олиниши лозимлигини талаб қилмоқдалар.

Сиёсатчилар пул ўтказмларини қандай қилиб назорат қилишлари мумкинлиги масаласи очиқланмаган.

Ирина Яровая фикрига кўра, бу чораларнинг ҳаммаси "терроризмга қарши курашга ёрдам беради".

Дума аъзолари шунингдек, Интернет провайдерлари учун фойдалаувчилар ҳақидаги маълумтларни улар фаолиятини тугатганидан сўнг ҳам ярим йил мобайнида сақлаб туришни шарт қилиб қўймоқчилар.

"Одамлар экстремизм, терроризмга Интернет орқали даъват қилган вақтлари полиция бу каби шасхаларни қидириб Интернет провайдерларига ҳам мурожаат қиладилар. Шунинг учун қонуний тарзда хостинг-провайдерлар учун ҳамма фойдаланувчилар ҳақида маълумотларни сақлаб қўйиш шарт қилиб қўйилиши керак", деди Андрей Луговой.

Россия молия тизимидаги манбалар Би-би-си билан суҳбатда Интернет ширкатлари бу қонун қабул қилинмаслигига умид қилаётганликларини билдирди.

Россия бўйлаб Интернет орқали пул ўтказмлари билан шуғулланувчи йирик QIWI ширкати вакилининг Би-би-сига айтишича, терроризмга қарши курашни қўллаб қувватлайди, лекин ҳозирда тақдим этилаётган қонун лойиҳасини маъқулламайди.

Қонун лойиҳасида Интернет фойдаланувчиси ҳақидаги қандай маълумотлар Хавфсизлик хизматига оширилиши мумкинлиги ҳам айтиб ўтилган.

Бу маълумотлар исм, IP-адрес, телефон рақами ва электрон почта адресини ҳам ўз ичига олган.

Қонун тасдиқланса Интернет провайдерларига ярим йил мобайнида фойдаланувчи ҳақидаги маълумотларни ўчириш тақиқланиши мумкин.

Хостинг-сайтлар эса низо ва экстремизмга даъватлар ҳақидаги маълумотларни сақлаб қолиш шарт бўлади.

Бу мавзуда батафсилроқ