Ҳаагада Рафиқ Ҳаририй ўлими юзасидан маҳкама иши бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи a
Image caption Маҳкамада сиртдан айбланаётган тўрт шахс Ҳизбуллоҳ ҳаракатига алоқадор экани айтилади.

Ҳаагада Ливан собиқ бош вазири Рафиқ Ҳаририйни ўлдиришда айбланган тўрт шахс устидан маҳкама иши бошланган.

Сурия қўллаб-қувватлаган Ҳизбуллоҳ ҳаракатига алоқадор экани гумон қилинган тўрт шахс ҳибсга олинмаган ва уларнинг иши сиртдан кўриб чиқилмоқда.

Рафиқ Ҳаририй 2005 йил Байрутда машинага ўрнатилган бомбанинг портлаши оқибатида ҳалок бўлганди.

Унинг ўлими Ливанни қутблаштирди ва Сурия қўшинларининг олиб чиқилишига етаклади.

Ҳизбуллоҳ ҳаракати Ливан бош вазири ўлимига алоқадорлигини рад этади.

Ҳаракатнинг ишонишича, суиқасд аслида Исроил ва АҚШ дасисасининг бир қисмидир.

Маҳкама бошланишидан бир оз олдин Ҳизбуллоҳ марказларидан бири ҳисобланган Ҳермел шаҳарчасида ҳокимият биноси яқинида бомба портлагани хабар қилинган.

Сурия чегараларига яқин Бекаа водийсида жойлашган шаҳарчада юз берган портлашда камида икки нафар инсон ҳалок бўлган ва 15 киши яраланган.

Маҳкамани очиб берган ҳакам Дэвид Ре айбланувчи шахсларни маҳкамага келтириш учун барча чораларни қўллашга қарор қилинганини айтган.

У маҳкама улар иштирокисисиз ҳам давом этаверишини ва қораловчилар ўнгида уларнинг айбини тўла исботлаш вазифаси турганини айтган.

Ортидан айблов хулосалари ва қораловчилар баёноти ўқиб эшиттирилган.

Маҳкамада Ҳаририйнинг ўғли Саад ва бошқа оила аъзолари иштирок этишмоқда.

Байрутдаги Би-би-си мухбири Жим Мюирнинг айтишича, БМТ дастаклаган маҳкама авваллари кузатилмаган хусусиятларга эга - халқаро маҳкама илк бор терроризмга алоқадор ишни кўриб чиқмоқда ва Иккинчи Жаҳон Урушидан буён илк бор гумондор шахслар иштирокисиз бўлиб ўтмоқда.

2005 йил 14 февралида содир этилган бомба ҳужумида Рафиқ Ҳаририйдан ташқари яна 22 инсон ҳалок бўлган ва 226 нафар инсон жароҳат олганди.

Мазкур ҳодиса Ливаннинг тарихий йўналишини бутунлай ўзгартириб, мамлакатда суннийлар ва шиалар ўртасидаги келишмовчиликларни кучайтириб юборди.

Ливандаги энг нуфузли сунний раҳбарларидан бири бўлган Ҳаририй тарафдорлари ҳужум учун Сурияни айблади.

1976 йилда Ливанга жойлаштирилган Сурия қўшинларига қарши йирик намойишлар бўлиб ўтди.

Бир неча ой ўтиб Сурия Ливандан ўз қўшинларини бутунлай олиб чиқди.

2007 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ҳаририй ўлимини текшириш учун махсус трибунал таъсис этди.

Ҳаага маҳкамаси 2011 йилда Мустафо Бадриддин, Салим Айёш, Ҳусайн Унайсий ва Ассад Саброни ҳибсга олиш санкциясини чиқарди.

Уларга қарши террорчилик ҳужумини уюштиришдан қотилликка қадар қатор айбловлар илгари сурилган.

Мустафо Бадриддин Ҳизбуллоҳ ҳаракатининг юқори рутбали ҳарбий қўмондонларидан бири экани ишонилади.

Маҳкамада айбланувчилар рўйхатига киритилиши мумкин бўлган бешинчи гумонланувчи шахс ҳам мавжуд - 48 ёшли Ҳасан Ҳабиб Мерҳий.

Маҳкама 500 гувоҳ кўрсатмаларини тинглайди ва бир неча ой давом этиши мумкин.

Би-би-си мухбирлари сўзларига кўра, тўрт гумонланувчи шахсга қарши далиллар асосан мобил суҳбатлари ва уларнинг таҳлилларига асосланган.

Аммо Ҳизбуллоҳ ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳнинг айтишича, Ҳаририй ҳаракатларини Исроил сунъий йўлдош орқали кузатиб борган, сохта телефон суҳбатларини уюштирган ва ўз душманларини ёмонотлиқ қилиш учун суиқасд режасини ишлаб чиққан ва амалга оширган.

Суриядаги фуқаролар уруши сабаб Ливанда суннийлар ва шиалар ўртасидаги зиддият кучайиб бормоқда.

Шиаларнинг Ҳизбуллоҳ ҳаракати Сурияда президент Башар ал-Ассад қўшинлари сафларидла жанг қилмоқда.

Ливандаги Би-би-си мухбирининг айтишича, Ливан ҳозирда худди 2005 йилда бўлгани сингари иккига бўлинган.

Бу мавзуда батафсилроқ