Россия: 'Қуръони Каримни ёқишда масъул ҳибсда қолдирилсин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Москва маҳкамаси Қуръони Каримни ёқишда гумон қилинаётган Александр Соколовни 9 мартга қадар ҳибсда қолдириш юзасидан қарор чиқарган.

Айни пайтда Москва ҳокимияти 24 январ куни Манеж майдонида исламофобияга қарши йиғин ўтказишни маън этган.

Қуръони Каримни ёқиш билан боғлиқ илк ҳибс иши Москва полицияси бошлиғи Анатолий Якунин пойтахт метро поездида мусулмонларнинг муқаддас китобига ўт қўйган ва бу иш акс этган видеоёзувни интернетга тарқатишга масъулларни "зудлик билан" топишга фармойиш беришидан бир ҳафта ўтиб кузатилмоқда.

Бундан ташқари, полиция бошқа гумондорларни сўроққа тутгани ва жойларда тинтув ўтказгани ҳақида маълум қилган.

Соколовга Жиноят кодексининг 213 моддаси бўйича "безорилик" айблови қўйилмоқда (агар айбдор топилса, кўпи билан 7 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин).

Видеоёзув

"ЦСКА мутаассиблари Қуръонни ёқишди" деб номланган видео 5 январ куни YouТube порталида пайдо бўлганди.

Видеотасвирда шахси номаълум ёшлар Қуръонни ёқаётганлари ва уятли сўзларни гапираётганлари акс этган.

Улардан бири: "Бугун Кайранга ўт қўямиз", деб айтган.

Видеоёзувнинг бир дақиқадан ортиқроқ давом этадиган иккинчи қисмида славян бўлмаган, юзларида калтак излари бўлган йигитлардан Аллоҳдан воз кечиш талаб қилинади.

Терговчиларга кўра, ҳали шахслари аниқланмаган жабрдийдаларни айнан Соколов таҳқирлаган.

ЦСКА футбол жамоаси матбуот хизмати Би-би-си Рус Хизматига мазкур ҳодиса юзасидан изоҳ бермаслигини айтган.

Қуръони Каримни ёқиш акс этган видеоёзувни интерентга жойлаган шахс "Путин тузуми ёлғонлари" деб номланган сайт манзилини ҳам берган.

Бу интернет саҳифасида Россия ҳукумати амаллари ҳақорат қилинади.

Ҳақоратлар асосида эса, радикал миллатчилик ва ксенофобия ётади

Тоқатбарорликка қаратилган йиғинга изн берилмади

Москва мэрлиги исламофобияга қарши йиғинни ўтказишни расман рад этган. Бу ҳақда намойиш ташкилотчиси, "Қофқозликлар Россия конгресси" аъзоси Абакар Абакаров хабар берган.

Йиғин бошқа жойда ўтказиладими йўқлиги маълум эмас.

Аввалроқ, Абакаров Манеж майдонида қарийб миллион кишилик чиқиш режаланаётгани ҳақида маълум қилган ва режани амалга ошириш учун пул йиғишни бошлаганди.

Абакар Абакаров аъзо бўлган "Қофқозликлар Россия конгресси" эса, йиғинни ташкиллаштиришга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган. Россия муфтилари кенгаши ҳам тадбирнинг ўтказилишига қарши чиққан.