Янукович намойишларга қарши қонунни маъқуллади

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

Украина Президенти Виктор Янукович Олий Рада томонидан пайшанба куни қабул қилинган, мамлакатда намойишлар ўтказишни мураккаблаштирадиган қатор қонунларни имзолаган.

Президент Янукович Украина армияси қўмондонини ва президент маъмурияти бошлиғини ҳам истеъфога чиқарган.

Бундан олдин Қўшма Штатлар, Оврўпо Иттифоқи ва қатор ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари жаноб Януковичдан баҳсли қонунларни қабул қилишда эҳтиёт бўлишни сўраган эди.

Пайшанба куни Украина парламенти қўл қўтариш йўли билан ва овозларни ҳисобламасдан депутатларни ваколатларидан маҳрум қилиш тартибини соддалаштирган ва ҳар қандай норозилик намойишларида қатнашиш масъулиятларини кучайтирган эди.

"Минтақалар партияси" ва коммунистлар фракцияси депутатлари томонидан экстремистик фаолият ва туҳмат учун жиноий жавобгарликка тортиш масъулияти киритилди.

Мухолифат имкониятларини кучсизлантирадиган қонунлар бўйича овоз бериш депутатлар ўртасида муштлашувни келтириб чиқарди.

Украина мухолифати белгиланган тартибга риоя этмай қабул қилинган қонунларни рад қилиб, парламентда содир бўлган ҳодисани давлат тўнтариши дея баҳоламоқда.

"Қонунлар тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи ва сўз эркинлигини чеклайди"

"Минтақалар партияси" эса пайшанба кунги овоз бериш қонун асосида ўтганини таъкидлайди.

АҚШ Давлат департаменти мурожаатида айтилишича, Украина парламентида қабул қилинган ушбу ҳужжатлар демократия талабларига жавоб бермайди.

"Бу қонунларнинг баъзилари тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқи ва сўз эркинлигини чеклайди. Мустақил оммавий ахборот воситаларини босим остига қўяди ва нодавлат ташкилотларининг фаолиятига тўсқинлик қилади",- дейилади мурожаатда.

"Мен Киевдаги ҳодисалардан жуда хавотирдаман. Украина фуқароларининг ҳуқуқларини чегаралайдиган бир қанча қонунлар шошма-шошарлик билан ва демократик тамойиллар ва парламент тартибларига очиқдан-очиқ ҳурматсизлик билан қабул қилинган", деб айтган Оврўпо Иттифоқининг ташқи сиёсат учун масъули Кэтрин Эштон мурожаатида.

Эштон хоним жаноб Януковични қонунларни қайта кўриб чиқишга чақирган.

Шу билан бирга "Чегара билмас мухбирлар" халқаро ташкилоти туҳмат учун жавобгарлик, сайтларни суд рухсатисиз тўсиб қўйиш, халқаро молиявий ёрдам оладиган нодавлат ташкилотларига "хориж агентлари" деган мақом берилиши мамлакатда нодемократик ҳаракатнинг муҳим кўриниши бўлишидан хавотир билдирган.

Сиёсий инқирозни полиция усуллари билан тартибга солишни қонунлаштириш

Украиналик таниқли инсон ҳақлари фаоли Евгений Захаров янги қонунларни мантиқсизлик деб атаб, Украина Конституцияси ва инсон ҳақлари бўйича Оврўпо конвенциясига зид эканлигини айтади.

"Улар ҳуқуқ ва эркинликнинг асосий тамойиллари бўлган эркин фикр, тинч ва эркин намойишларга қаршидир. Бундай қонун амал қилишга ҳақли эмас", деб айтган Захаров.

"Бу қонунлар сиёсий инқирозни полиция усуллари билан тартибга солишни қонунлаштиради. Бир томоннинг куч ишлатиши иккинчи томоннинг ҳам куч ишлатишга мажбур қилади",- дейди сиёсатшунос Владимир Фурсенко.

2013 йил ноябрда Украина Оврўпо Иттифоқи билан келишувни имзолашни рад қилиши орқасидан минглаб украиналиклар норозилик намойишларига чиқишди.

Мухолифат бошчилигидаги намойишчилар президент истеъфосини ва парламентни тарқатиб юборишни талаб қилишди.

Ушбу ҳаракатлар Киев ва бошқа шаҳарларда ҳамон давом этмоқда.

Мухолифатнинг навбатдаги йирик норозилик амалиёти 19 январга мўлжалланган.

Бу мавзуда батафсилроқ