Белгиядаги Афғон қочқинлари уйларига қайтарилишидан хавотирда

Image caption Брюсселдаги черков қочқин афғонлар учун бошпана бўлиб турибди.

Белгияга бошпана излаб борган юзлаб афғонлар ватанига қайтарилишига қарши норозилик билдирмоқдалар.

Брюсселдаги қочқинлар жамлоғида бўлган Би-би-си мухбири Данкан Кроуфордга кўра, қочқин афғон оилалар орқага қайтишни ўлим ҳукми билан тенг, деб айтишган.

XVII асрда қурилган черков ичига ўрнатилган тор ва совуқ чодирда ўтирган 27 ёшли Марва Маҳбуб ўзининг нима учун ватанига қайтишни рад қилаётганини тушунтиради.

"Афғонистонда менинг ҳаётим хавф остида", - дейди у.- Менда Толиблар билан муаммолар бор. Бу ердаги аксарият одамларнинг муаммолари шу".

Марва ўтган йилнинг охирида Брюссел марказидаги черковга келиб ўрнашган 200 афғондан бири.

Асли Ҳелманд вилоятилик Марва 2008 йил Толиблар таъқиби туфайли Афғонистондан қочган.

У бир неча бор Белгиядан бошпана сўраганига қарамасдан, унинг ариза рад қилинган.

"Мен Афғонистонга қайтгандан кўра, шу ерда ўлишни маъқул деб биламан", дейди Марва ёнида ўтирган олти ёшли қизи Мария ва тўрт ёшли Закийга қараб.

Ноаниқлик ва ишончсизлик

Image caption Болалар мактабга боришмайди.

Черков ҳозир чодирлар жамлоғига айланган. Ўрин-кўрпаларга жой ажратиш учун скамейкалар бир четга йиғиб қўйилган. Эркаклар исиниш учун электр чироқлар олдида тўпланишган. Болалар кафедрада ўйнашмоқда. Уларнинг ҳеч қайсиси мактабга бормайди.

1300 дан ортиқ афғон ўтган йили Белгиядан бошпана сўраб мурожаат қилишган. Маълумотларга кўра, 200 мингдан ортиқ афғонлар Оврўпо Иттифоқи мамлакатларидан бошпана сўраганлар.

Муҳожирлик бўйича халқаро ташкилотнинг келтиришича, жорий йилда НАТО қўшинлари Афғонистонни тарк этгач, қочқинлар сони кескин ошиши мумкин.

"У ерда катта ишончсизлик бор", дейди Халқаро муҳожирлик ташкилотининг Афғонистондаги бош вакили Ричард Дансиер Би-би-сига.

Бошпана изловчи афғонлар ўзларининг Афғонистонга қайтишлари ўта хатарли эканини таъкидлайдилар.

НАТО кучлари мамлакатдан чиққач, вазиятдан фойдаланган Толибон катта ҳудудларни эгаллаб олиши мумкин, деган хавотирлар бор.

Баъзи афғонлар яна фуқаролар уруши бошланиб кетишидан қўрқишади.

Бошқалари эса, Афғонистон иқтисоди ташқи кўмак камайгач, кескин тушиб кетиши мумкинлигини ўйлайди.

"Иқтисод кейинги йилда ёмонлашиши мумкин", - деб айтади жаноб Дансиер. - Сабаби иқтисоддаги бандликнинг катта қисми халқаро кучлар билан боғлиқ".

Белгиядан бошпана изловчиларнинг иш топиш умиди кам. Яқинда улар ўзларининг муаммоларига эътибор қаратиш мақсадида норозилик намойиши ўтказишди.

Image caption 1300 дан ортиқ афғон ўтган йили Белгиядан бошпана сўраб мурожаат қилишган.

"Биз хавфли эмасмиз. Бизнинг ўзимиз хавф ичидамиз", деб ёзилган Гент шаҳридаги баннерлардан бирига.

Афғонистонлик қочқинлар ҳуқуқий жиҳатдан ноаниқ вазитяга тушиб қолганларидан шикоят қилишади. Уларга на бошпана ишлашга рухсат берилган, ёда Афғонистонга ҳам қайтиб кета олмайдилар.

Қочқинлар билан ишлаш маркази директори Эл Кейтсман Белгия ҳукумати уларга кўпроқ эътибор ва ёрдам бериши кераклигини айтади.

"Биз Афғонистондаги вазият халқаро қўшинлар чиққач, ёмонлашишидан хавотирдамиз. Шунинг учун Белгия ҳукуматидан афғон қочқинларини ортга қайтармасликни сўраймиз".

Белгия ҳукумати эса қочқинларнинг мустақил идораси уларга бошпана бериш керак ёки йўқлигини ҳал қилишини таъкидлайди.

"Бу норозилик бизнинг вазиятга баҳо беришимизга таъсир қилмайди, - деб айтади қочқинлар ва фуқаросиз шахслар иши бўйича бош комиссар Дирк Ван ден Балк. - Менинг идорам Афғонистондаги вазиятга муаммоли деб қарайди. Лекин шунчалик таҳдидлики, келаётган барчага бошпана бериш керак қабилида эмас албатта", дейди жаноб Балк.

Айни пайтда Сурия, Ироқ, Сомали ва бошқа нотинч мамлакатлардан ўн минглаб қочқинлар Оврўпо мамлакатларидан бошпана олишга умид қилмоқда.

Ўтган йилнинг октябр ойида Британия Ички ишлар вазирлиги "Қочқинлар тизими босим остида" деб номланган ҳисобот эълон қилган. Унда айтилишича, қочқинлар билан боғлиқ жараён ҳаддан ташқари тиғиз ва танг ҳолатга келиб қолган.

Қочқинлар жамлоғидаги Марва эса Белгияда қолишни истайди.

"Биз ҳам уйни ижарага олиш ва солиқ тўлаш учун ишлашни хоҳлаймиз", дейди у.