Намойишлар тақиқланган Киевда тўқнашувлар юз берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Кўча намойишларини чеклаш мақсадини кўзлаган янги қонунга қарамасдан, ўн минглаб аксилҳукумат намойишчилар яна Украина пойтахти Киевда тўпланганлар, намойишчилар билан милиция кучлари ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан.

Хавфсизлик кучлари газли ва шовқинли гранаталарни ишга солган, намойишчиларга қарши сув пуркалган.

Намойишчилар ҳам хавфсизлик ходимларига қарши куч ишлатганлар.

Милиция автобусига ўт қўйилган.

Намойишчилар парламент биноси томонга юриш уюштирганлар.

Бир неча минг кишилик митингда мухолифат раҳбарлари намойишчиларни зўравонликлардан тийилишга чақирганлар.

Оврўпо Иттифоқига қўшилиш тарафдорлари Украина парламенти қабул қилган ва Президент Виктор Янукович тасдиқлаган намойишларни чеклаш мақсадидаги янги қонунларни қоралаганлар.

16 январ куни Президент Янукович тарафдорлари бўлган Олий Рада депутатлари қўл кўтариш йўли билан кўча намойишларини чеклаш мақсадидаги қонунларни қабул қилганлар.

Янги қонунлар намойишчиларнинг юзларини яширишини ҳам тақиқлайди, якшанба куни эса намойишчилар юзларига ниқоблар тақиб ва бошларига қурувчиларнинг каскаларини кийиб чиққанлар.

Украина мухолифати Президент Януковичнинг "Минтақалар партияси"ни ҳокимиятни ноқонуний босиб олишда айблаган.

Украинадаги янги қонунлардан АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи афсусда эканликларини билдирган.

Президент Янукович Оврўпо Иттифоқи билан яқинлашиш шартномасини имзолашдан воз кечганидан кейин норозилик амалиётлари ўтган йилнинг ноябр ойидан буён давом этиб келаяпти.

Мухолифат Президент Янукович истеъфосини талаб қилмоқда.

Би-би-сининг Киевдаги мухбирига кўра, таранглик ортиб бормоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ