Машҳур скрипкачи Ванесса Мэй Сочи олимпиадасида қатнашмоқчи

Дунёга машҳур скрипкачи Ванесса Мэй Сочи Қишки Олимпиада ўйинларида Таиланд терма жамоаси сафида тоғ чанғиси пойгачиси сифатида иштирок этмоқчи.

Ванесса Мэй болалигидан тоғ чанғи спорти билан шуғулланиб келади ва спорт оламида отаси фамилияси остидаги Ванесса Ванакорн номи билан танилган.

Скрипкачи ва спортчи Мэй Олимпиада мусобақаларида қатнашиш имконини берадиган балларни катта қийинчилик билан бўлсада, тўплашга муваффақ бўлганини унинг менежери Жайлс Холланд Би-би-сига маълум қилди.

Олимпиада шартларига биноан чанғичилари жаҳон рейтингига кира олмаган мамлакатлар спорт тури йўналишларида биттадан вакилини жўната олади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи DENIS EMERY AP

Таиландда жаҳон рейтингининг 500 спортчиси қаторига кирадиган чанғичилар йўқлиги боис, Ванесса Мэй белгиланган беш йўналиш бўйича 140 баллни тўплаши шарт бўлган.

Словенияда бўлиб ўтган мусобақаларда Ванесса Мэй беш марта пойгада қатнашган.

У талаб қилинган очколарни йиғишга муваффақ бўлган, бироқ Сочи олимпиадаси иштирокчилари якуний рўйхати барча иштирокчилар тақсимоти аниқ бўлганидан кейин эълон қилинади.

Ванесса Мэй 2010 йилда Сочидаги Олимпиадада қатнашиш истаги борлигини билдирган.

"Мен бу ҳақда доим орзу қилганман. Албатта мен британияликман, Лекин отам таиландлик бўлгани сабабли мени Таиланд терма жамоаси аъзолигига қабул қилишди", деб айтган машҳур скрипкачи.

Бу мавзуда батафсилроқ