Женевада Сурия музокаралари ўзаро айбловлар билан бошланди

Женевадаги Суриядаги можародан чиқиш йўлларини муҳокама қилувчи музокарлар ҳукумат ва мухолифат вакилларининг ўзаро айбловлари билан бошланди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Муннинг томонларни консруктив диалогга даъват қилишига қарамай, ҳеч қайси томон ўз оҳангини юмшатиш белгисини намоён қилмади.

Суриядаги можарода шу вақтгача 100 мингдан ортиқ инсон қурбон берилгани айтилади.

Сурия Ташқи Ишлар вазири Валид Муаллим ҳукумат террорчи гуруҳларга қарши кураш олиб бораётгани ва президент Башар Ал Ассад келажагини фақатгина Сурия халқи ҳал қилишини айтган.

Мухолифат раҳбари Аҳмад Жарба мамлакатдаги инсон ҳуқуқларини поймол этиш ҳоллари нацистлар Олмониясидаги каби экани ва президент Ассаднинг қудратдан кетиши тинчлик ўрнатилишининг асосий шарти эканлигини айтган.

Музокарларни кузатаётган Би-би-си мухбирининг хабар беришича, анжуман бошланиши билан ўзаро ҳақорат ва айбловлар бошланиб кетган.

Сурия Ташқи Ишлар вазири анжуманда вакиллари қатнашаётган баъзи мамлакатларни "қўллари қонга ботганликда ва Суриядаги вазиятни издан чиқариш ҳаракатларида" айблади.

Жаноб Муаллим БМТ Бош котиби огоҳларига қарамай ўзига ажратилган 10 дақиқа вақтдан ўтиб кетса ҳам, нутқини давом эттираверган.

"Сиз Ню Йоркда яшайсиз. Мен эса Сурияда. Мен уч йиллик азиятлардан сўнг Сурия нуқтаи назарини етказишга ҳақлиман. Бу менинг ҳуқуқим", дея танбеҳ берган Сурия расмий вакили БМТ Бош котибига.

Мухолифат раҳбари Аҳмад Жарба эса, уларни қўлларига қурол олишга Сурия ҳукумати мажбурлаганлигини айтиб, куни-кеча Суриядаги мухолифат вакилларининг мутассил равишда қийноққа тутилиб, ўлдирилганликлари борасида ўтказилган халқаро текширувда тақдим этилган фотосуратларни яна бир бор намойиш этди.

Уруш жиноятлари бўйича уч нафар собиқ прокурор кеча уларда Башар ал-Ассад ҳукуматига қарши исён бошланганидан буён 11 минг инсон қийноққа тутилгани ва кўплаб маҳбуслар қатл этилганига оид аниқ далиллар мавжудлигини айтишганди.

Терговчилар ўлдирилган маҳбуслар жасадлари туширилган минглаб суратларни текшириб чиққанлар.

Прокурорлардан бири Би-би-си билан суҳбатда қатл этишларга ҳукуматнинг алоқадорлигини исботловчи далиллар борлигини айтган.

Бироқ расмий Дамашқ мазкур даъволарни рад этган.

Сурия ҳукумати ва мухолифати вакилларининг дастлабки юзма-юз учрашуви жума куни бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу музокарларнинг ҳам оҳанги ўта қатъий бўлиши кутилмоқда.

Женевадаги музокараларда қатнашаётган БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, АҚШ Давлат котиби Жон Керри ва Британия Ташқи Ишлар вазири Уилям Ҳейглар Сурия вакилларига тинчлик тақдири ҳал этилаётганлигини бот-бот эслатмоқдалар.

Қийноқлар далиллари

Кеча ошкор этилган Уруш жиноятлари бўйича собиқ уч прокурор ҳисоботи суриялик исёнчиларни дастакловчи Қатар топшириғи билан тайёрланганди.

Ушбу ҳисобот "Цезар" номи билан қайд этилган ҳарбий полиция суратчиси берган далилларга асосланган.

Сурия армиясидан қочишга муваффақ бўлган "Цезар" ўзи билан ҳалок этилган 11 минг маҳбуснинг 55 минг дона рангли суратини Суриядан олиб чиққан .

"Цезар" прокурорларга унинг вазифаси қатл этилган маҳбуслар жасадларини суратга тушириш, ўлим ҳақидаги гувоҳномалар чиқариш ва қатл ҳукмининг ижро этилганини тасдиқлаш бўлганини айтган.

Прокурорларнинг "Цезар"га иқтибосан айтишича, у бир кунда 50 нафарга яқин инсон жасадини суратга олган.

У қатл ёки қийноқларга гувоҳ бўлмаганини айтган.

Суратлар қуролли исён бошланган 2011 йилдан то ўтган йил августига қадар бўлган даврни қамраб олади.

Суратга олинган жасадларнинг барчаси эркаклар бўлиб, фақат бир суратда аёл жасади тасвирланган.

Терговчиларга кўра, жасадларнинг аксари жуда ориқ бўлган; кўпларида қийноқ ёки бўғиш излари бўлган.

Баъзи жасадларнинг кўзлари бўлмаган, баъзилари эса электр сими уланган.

Ҳисобот муаллифларидан бири, профессор Сэр Жефрей Найснинг Би-би-сига айтишича, қатллар миқёси ва давомийлиги уларга ҳукуматнинг алоқадор эканига кучли далил бўлиши мумкин.

Патологоанатом Стюарт Ҳамилтонга кўра, у кўрган суратлар маҳбусларнинг аксари "узоқ пайт оч ушлангани аломатлари"ни кўрсатади.

Унинг айтишича, кўплаб маҳбусларнинг қўллари боғлиқ бўлган.

"Кўплар қийноққа тутилган. Оз сондаги маҳбуслар эса бўғиб ўлдирилган," - деб айтган патологоанатом Стюарт Ҳамилтон.

Сурия ҳукумати ушбу даъволарни рад этган. Расмий Дамашқ можаро бошланганидан буён инсон ҳуқуқларининг бузилганига оид айбловларни рад этиб келади.