Украина: Полиция Киевдаги намойишчилар баррикадасига рейд қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина пойтахти Киевда полиция намойишчилар жойлашиб олган майдонга ҳужум қилар экан, ўзаро тўқнашувлар келиб чиққан.

Би-би-сининг ҳудуддаги мухбирига кўра, камида бир киши отиб ўлдирилган.

Норозилик намойишлари ўтган ноябрдан бери давом этаётганди. Намойишчилар ҳукуматнинг Москва билан яқинлашиш ниятида Оврўпо Иттифоқи билан ҳамкорлик битимидан воз кечиши ортидан келиб чиққан.

Бош Вазир Микола Азаров агар ўтган бир неча кун ичида намойишлар атрофида юзага келган тартибсизликлар давом этса, полиция куч қўллашини айтиб огоҳлантирганди.

Зўравонликлар Мустақиллик майдонидаги энг асосий намойишчилар жамлоғига яқин жойлашган Хрушевский кўчаси атрофидаги кичик ҳудудда юз берган. Мухбирларга кўра, шаҳарнинг аксар қисмида ҳаёт одатдагидек давом этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Икки тун давом этган тўқнашувларда юзлаб одамлар жароҳат олишган. Тинч намойишчилар зўравонликни келтириб чиқаришда аввал номи чиқмаган ўта ўнг-қанот гуруҳ "Ўнг сектор"ни айблашган.

Молотов коктейллари

Сешанба оқшомида Россия 24 каналига гапирган жаноб Азаров: "Агар гижгижловчилар ўз амалларини тўхтатишмаса, полицияда қонунга биноан халқни ҳимоя қилиш йўлида куч ишлатишдан бошқа илож қолмайди," - деб айтган.

Нисбатан тинч ўтган тун ортидан, чоршанба тонгида соат 06:00дан кўп ўтмай, полиция Хрушевский кўчасидаги баррикадаларга қарши ҳужум қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Қуюқ ёғаётган қор остида тўқнашувлар келиб чиққан ва полиция намойишчиларни ҳибсга олган.

Телевизион кадрларда намойишчилар полицияга қарата тошлар ва Молотов коктейлларини отаётганлари кўринади. Бир полициячи Молотов коктейлини ёниб ётган автобус томон отгани ҳам кўринган.

Расмийлар бир киши нобуд бўлганини тасдиқлашди, аммо у қандай ҳалок бўлгани ҳали аниқ эмаслигини айтишди.

Кўплаб намойишчилар намойишларда ҳимоя учун каска ва ниқобларни кийишни тақиқлайдиган янги қонунга бўйсунмасликларини кўрсатиб қўйиш учун қизил каскаларни кийиб олганлар.

Янги қонун, шунингдек, жамоатчилик биноларини тўсганларга қамоқ жазосини белгилайди, ҳамда жамоатчилик жойларида рухсатсиз чодирлар қуришни ман этади.

Би-би-си мухбири Данкан Кроуфорд полиция ҳозирда ортга чекингани ва намойишчилар яна майдонга қайтишаётганини хабар қилади.

Унинг айтишича, зиддият давом этмоқда ва кун давомида янги тўқнашувлар юзага келиши мумкин.