Украина: 'Норозиликларни куч билан бостиришни вақтинча тўхтатиб турилади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мухолифат лидерларидан бири Виталий Кличко агар ҳукумат сайловларни бекор қилиш чақириқларига қулоқ осмаса, Оврўпараст намойишчилар билан бирга Киев кўчаларига чиқишини айтган

Украина мухолифатидаги "Удар" партияси раҳбари Виталий Кличко "Беркут" махсус хавфсизлик кучлари билан кечки соат 20:00га қадар норозиликларни куч билан бостириш амалларига чек қўйиш бўйича келишган.

Бунгача мухолифат раҳбарлари ва Президент Виктор Янукович ўртасида музокаралар бўлиши кутилаётганди.

Ўтган тун Украинада юзага келган сиёсий бўҳронни ечиш ҳаракатлари натижа бермагач, украин мухолифати лидерлари Президент Виктор Янукович ультиматум қўйишганди.

Мухолифат лидерларидан бири Виталий Кличко агар ҳукумат сайловларни бекор қилиш чақириқларига қулоқ осмаса, Оврўпараст намойишчилар билан бирга Киев кўчаларига чиқишини айтган.

Шунингдек, "Удар" партияси раҳбари жаноб Кличко президент можарони "қонсиз" ҳал этиши мумкинлигини айтганди.

Бош вазир Микола Азаров тарафлар ўртасида келишувга эришиш имконлари сақланиб қолганини, бироқ мухолифат шарт қўймаслиги кераклигини айтган.

Танг вазият

Би-би-си мухбири Даниел Сандфорднинг хабар қилишича, Киев марказидаги вазият ўта танг қолаётганди.

Тонг отган пайтда ҳам баррикадалар ёнаётган, автомобил балонларидан чиқаётган қора тутун кўкка ўрлаётганди. Улар худди махсус полиция кучлари ва намойишчилар ўртасидаги жабҳа чизиғидек кўринган.

Полиция ва аксилҳукумат намойишчилар ўртасида кечган 3 кунлик тўқнашувлар расмий рақамларга кўра, уч инсоннинг умрига зомин бўлган. Мухолифат ўлганлар сони 5 нафар эканини айтади.

Аммо, чоршанба куни прокурорлар икки киши ўқотар қуролдан ўлганини тасдиқлашганди.

Кеча кечда эса, Украинанинг Озодлик радиоси учинчи фаолнинг ўлими ҳақида хабар берди. Радиога кўра, Юрий Вербицкийнинг қийноқ излари бўлган жасади Киев ташқарисидаги ўрмондан топилган.

Хабар қилинишича, у яна бир фаол Игор Лутсенко билан бирга жорий ҳафта ўғирлаб кетилган. Лутсенко кейин қўйиб юборилган.

Улар ноябр ойи Президент Янукович Овўпо Иттифоқи билан шартномани имзолашган бош тортиши ортидан бошланиб кетган аксил-ҳукумат намойишлари илк қурбонларидир.

Бу мавзуда батафсилроқ