Покистон: шаккокликда айбланган британиялик ўлимга ҳукм этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Шаккоклик аҳолисининг аксари мусулмон бўлган Покистонда ўта ҳассос масалалардан ҳисобланади

Покистоннинг Равалпинди шаҳрида маҳкама 65 ёшли британияликни шаккокликда айбдор деб топиб, ўлим жазосига ҳукм этди.

Хабарларга кўра, Муҳаммад Асқар пайғамбарликни даъво қилиб, турли инсонларга мактублар ёзиши ортидан 2010 йилда ҳибсга олинган.

Муҳаммад Асқарга чиқарилган ҳукмни савол остига олган ҳимоячилар унинг руҳий бемор эканлигини даъво қилганлар.

Бироқ шифокорлар кенгаши уни руҳий жиҳатдан соғлом деб топган.

Покистонда шаккокликка алоқадор қонунларга кўра, Исломни ҳақорат қилган ҳар қандай шахс ўлимга ҳукм этилади.

Бироқ айни қонунларнинг ўтган йил давомида бир неча бор қўлланиши халқаро танқидларга учради.

Шотландияда оиласи бўлган жаноб Асқар полиция зобитларига пайғамбарликни даъво қилиб, мактуб битгани учун қамоққа олинган.

У охирги йилларда Покистонда истиқомат қилгани ишонилади.

Муҳаммад Асқарнинг ҳимоячиси Сара Билолнинг Би-би-сига айтишича, уни маҳкамадан куч билан четлаштирганлар.

Маҳкама иши бошдан оёқ ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Сара Билол пайшанба куни чиқарилган ўлим ҳукмига қарши шикоят аризаси ёзишини айтган.

Мухбирлар сўзларига кўра, жаноб Асқар Покистонда 2008 йилда ўлим жазосига мораториум қўйилгани учун қатл этилмаслиги мумкин.

Танқидчиларга кўра, шаккокликка боғлиқ Покистондаги қонунлар кўп ҳолларда ҳолларда замирида шахсий адоват бўлган келишмовчиликларни ҳал этиш учун қўлланилади.

2012 йилда ёш насроний қиз - Римшанинг куфрда айбланиб, ҳибсга олиниши халқаро норозиликларни уйғотган эди.

Бир неча ҳафта давомида қамоқда ушлаб турилган Римша озод этилди ва оиласи билан Канадада бошпана топди.

Куфр аҳолисининг 97 фоизи мусулмон бўлган Покистонда ўта ҳассос масалалардан бири ҳисобланади.

Бу мавзуда батафсилроқ