Битта йўлбарс икки ҳафтанинг ўзида учта аёлни еб қўйди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳа, ҳодиса яна Ҳиндистон жанубида юз берган. Масъулларга кўра, “одамхўр” йўлбарс бу гал Тамил Наду штати Ооту шаҳри яқинидаги Додда Бетта ўрмонзор ҳудудида пайдо бўлган.

Уни ушлаш учун яқин-атрофдаги қишлоқлар ва чой плантацияларида олтмишдан ортиқ кузатув камераси ўрнатилган.

45 га яқин мактаблар ёпилиб, маҳаллий аҳолига ташқарига чиқмай, ўз уйларида ўтиришлари айтилган.

Би-би-сига маълум бўлишича, шунча саъй-ҳаракатлари ортидан, ўрмончилар ваҳший йиртқични шу чоршанба куни ўрмон ичкарисида отиб ўлдиришга муваффақ бўлишган.

Ҳиндистонда сўнгги пайтларда одамхўр йўлбарсларнинг ҳужумлари ортиб бораётгани кузатилади.

Дейлик, бир ойдан сал кўпроқ вақтнинг ичида улар камида 17 одамнинг бошига етишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бу каби ҳолат маҳаллий деҳқонларнинг қаҳру ғазабларига ҳам сабаб бўлган: улар ўрмончилик идорасига ҳужум қилиб, одамхўр йўлбарсларни эплай олмасангиз, ўзимизга қўйиб беринг, ўзимиз уларни бирёқли қиламиз, деб туриб олишган.

Ҳиндистон ўрмонларида икки мингга яқин йўлбарснинг яшаши тахмин қилинади.

Аммо овчилар ва ўрмонзор ҳудудларнинг тобора кичрайиб бораётгани сабаб, уларнинг сони ҳам кескин камайиб бормоқда: Дейлик, бундан бир аср бурун Ҳиндистонда йўлбарсларнинг сони 100.000 га етган.

Йўлбарсларни одамхўрликка нима ундамоқда?

Инсонларнинг ўзлари: улар йил сайин ўрмонларни ўзлаштиришга зўр беришар экан, йўлбарслар ҳам емиш излаб, тобора қишлоқларга яқинлашиб боришмоқда.

Аммо ҳамма йўлбарсларни ҳам одамхўр, деб бўлмайди: Одамлар уларни ўлдиришга уринган пайтларида ўзлари қурбон бўлган ҳоллар ҳам бирталай.

Бироқ қисқа вақтнинг ичида кетма-кет уюштирилган ҳужум одамхўр йўлбарснинг ишига далолат қилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Чунки йўлбарслар, одатда, ҳафтасига битта йирик ўлжага қаноат қилишади. Бутун Ҳиндистон назарда тутилганда эса, бу рақамлар йилига қарийб 85.000 мингтага етиб қолади.

Аммо Ҳиндистонда ҳар йили 80 дан ортиқ одам йўлбарслар томонидан ўлдирилади ёки тан жароҳати олади.

Аммо, қайси бири томонидан бўлмасин, маҳаллий аҳоли йўлбарсларнинг ҳужумларидан ташвишда: улар масъуллардан тезроқ чора кўришни талаб этишмоқда. Аммо ҳукумат ҳаддан зиёд куч куч қўллашга қарши.

Устига устак, фаоллар ҳам “одамхўр” бўлса ҳам, йўлбарсларни ўлдиргандан кўра, тирик ушлаган маъқул, ҳар ҳолда йўлбарс, деган қатъий мавқеъдалар. Аммо бунга қарши бўлган фикдагилар ҳам озмунча эмас.

“Агар, йўлбар ўз жонини ҳимоя қилиб, бировни ўлдириб қўйган бўлса, хўш, хўш, лекин одамхўр бўлса, уни йўқ қилиш керак”, - дейди таниқли биологлардан бири доктор Жорж Шеллер.

Унинг айтишича, Ҳиндистон ҳайвонот боғлари шундоқ ҳам йўлбарсларга тиқилиб кетган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Бироқ қандай шаклда бўлмасин, йўлбарсларга қарши зудлик билан чора кўрилиши шарт”, деган қарашда уларнинг барчаси якдиллар.

“Одамхўрлиги аниқландими, ўша оннинг ўзида бир иш қилиш керак. Акс ҳолда, бу маҳаллий аҳолининг қаҳрини қўзғайди. Уларнинг дастаги бўлмаса, йўлбарслар буткул қирилиб кетиши мумкин, асраб қолиш қийин бўлади”, - дейди мушуксимонлар бўйича мутахассис доктор Уллас Карант.

Одамхўр йўлбарслар эса, сўнгги пайтларда Ҳиндистоннинг йўлбарслар зич яшовчи Бандипур-Нагараҳоле, Тадоба, Корбет-Ражажи, Рантамбхоре ва Казиранга минтақаларида кўп учрамоқда.

Ҳукумат муҳофазаси натижасида ўрмонларда йўлбарсларнинг кўпайиб бориши ёш ва кексаларининг бир четга чиқиб қолишларига сабаб бўлади. Бу эса, уларнинг одамлар билан тўқнашувлари эҳтимолини кучайтиради.