Мисрдаги тўқнашувларда 49 киши ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Мисрдаги хавфсизлик кучлари ўта кучайтирилган тайёргарлик ҳолатига келтирилганлар, мамлакатдаги мухолиф тарафлар Ҳусни Муборакнинг ҳокимиятдан ағдарилганининг 3 йиллиги муносабати билан юришлар ташкил қилган.

Собиқ президент Ҳусни Муборак тарафдорлари ҳам, ҳарбийлар дастаклаган ҳукумат дастакловчилари ҳам кўчаларга чиққанлар.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, шанба куни бутун мамлакат бўйлаб давом этган муваққат ҳукумат мухолифлари ва тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувларда камида 49 киши қурбон бўлган, 250 нафари яраланган.

Ички Ишлар вазирлиги милтиқ, Молотов суюқлиги ва бошқа воситалар билан қуролланган мингдан ортиқ кишини ҳибсга олинганини айтган.

Мисрнинг муваққат президенти, Адли Мансур, ўтган йили президент Муҳаммад Мурсий ағдарилгач қабул қилинган режага мувофиқ, президентлик сайлови парламент сайловидан олдин бўлиб ўтишини айтган.

Унинг бу сўзлари армия раҳбари Генерал Абдул Фаттоҳ Сисийнинг президентликка ўз номзодини қўйиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни янада кучайтиради.

Шанба куни Қоҳирадаги Таҳрир майдонига тўпланган минглаб намойишчилар уни президентликка номзодини қўйишга чақиришганди.

Бундан олдин Миср собиқ президенти Ҳусни Муборакни ағдаришга етаклаган мухолифат намойишларининг уч йиллиги арафасида бир неча портлашлар содир этилган.

Қоҳирада юз берган учта портлашда камида беш нафар инсон ҳалок бўлган ва 70 нафардан кўпроқ инсон жароҳат олган.

Мухбирларнинг хабар беришларича, портлашларда асосий нишон полиция кучлари бўлган.

Айни пайтда шаҳардаги полиция бинолари кучли қўриқланаётганлиги айтилади.

Ҳусни Муборакни ағдарган ғалаёнларнинг уч йиллиги арафасида фаолияти тақиқланган "Мусулмон Биродарлари" ҳаракати ҳам оммавий намойишлар ўтказишни режалаштирганларини айтганлар.

"Мусулмон Биродарлари" ҳаракат раҳбари Муҳаммад Мурсийнинг ўтган йили президентликдан куч билан четлатилганидан ва тез орада Мисрда янги конституция кучга киришидан норози.

Янги конституцияга мувофиқ, янги сиёсий партиялар тузиш ва диний тамойилларга асосланган сиёсатни юритиш тақиқланади.