Муҳаммад Мурсий қамоқдан қочгани учун маҳкамага тортилмоқда

Қоҳирада бошланган навбатдаги маҳкамада Мисрнинг ҳокимиятдан қулатилган президенти Муҳаммад Мурсийга 2011 йилдаги қамоқ қочиши билан боғлиқ айблов қўйилган.

Маҳкама Қоҳирадаги полиция академияси биносида бўлиб ўтмоқда.

Журналистларнинг маҳкама жараёнини ичкаридан кузатишларига рухсат берилган.

Қамоқдан қочишдан ташқари жаноб Мурсийга яна уч айблов бўйича алоҳида-алоҳида маҳкамалар кўзда тутилган.

Муҳаммад Мурсий маҳкама ичидаги шиша қафасда сақланмоқда, у қўлини кўтарганидан кейин ҳакам микрофонни қўшгандан кейин бошқалар эшита олишлари мумкин.

Маҳкамада Муҳаммад Мурсийга "83-айбланувчи" деб мурожаат қилинган.

Муҳаммад Мурсий, "мен республиканинг президентиман, ҳафталаб мени ахлатхонада сақлашга қандай ҳадларинг сиғди", деб бақирган.

"Сен кимсан? Сен менинг кимлигимни биласанми?", дея ҳакамга савол берган у.

"Мен жиноий маҳкаманинг раисиман", деб жавоб қайтарган ҳакам.

Шундан кейин маҳкамани кузатаётган журналистлар бошқа овозларни эшитмаганлар.

Бу маҳкамада яна 130 киши айбланмоқда.

2011 йил бошидаги Ҳусни Муборак бошқарувига қарши ғалаёнлар пайти Миср қамоқхоналаридан 20 минг маҳбус қочган.

Улар орасида Муҳаммад Мурсий ҳам бўлган.

Муҳаммад Мурсий ва Фаластиндаги "Ҳамас" ва Ливандаги "Ҳизбуллоҳ" гуруҳи аъзоларига қамоқхоналарга ҳужум қилиш ва қўриқчиларни ўлдириш айбловлари илгари сурилган.

Бундан бир кун олдин президент Мурсийни қудратдан ағдарган генерал Абдул Фаттоҳ ал-Сисининг ҳарбий лавозимидан озод қилингани эълон этилган, бу нарса жаноб ал-Сиси номзодини президентлик сайловида илгари суриш учун қилинган.

Мисрда президентлик сайлови апрел ойи охирида режаланган.

Генералга суиқасд

Муҳаммад Мурсий маҳкамаси кечаётган бино атрофида генерал Сиси тарафдорлари йиғилганлар, улар армияга ўз дастакларини изҳор этганлар.

Жаноб Мурсийнинг "Мусулмон биродарлар" гуруҳи дастакловчилари бу жойда кўринмаганлар.

Шу куни Қоҳирадаги уйи ташқарисида Миср Ички ишлар вазирлигининг юқори лавозимли ходими отиб ўлдирилган.

Генерал Муҳаммад Саид Ички ишлар вазирлигининг техник бошқармаси бошлиғи бўлган.

Миср полициясига кўра, қуролли шахслар генерал ўтирган автомобилни ўққа тутганлар, сўнг воқеа жойидан қочиб кетганлар.

Генерал Муҳаммад Саид Ички ишлар вазири Муҳаммад Иброҳим ёрдамчиларидан бўлган.

Собиқ президент Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилганининг уч йиллиги санаси куни Қоҳирада хавфсизлик хизматларини нишонга олган бомба портлашлари рўй берган.

Бу ҳужумлар учун масъулиятни "Ансор Байтул-Мақдис" деб номланган гуруҳ ўз зиммасига олган.

"Ансор Байтул-Мақдис" гуруҳи эълон қилишича, бу портлашлар Муҳаммад Мурсий тарафдорлари ва "Мусулмон Биродарлар" гуруҳига қилинаётган тазйиқларга жавоб бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ