'Кимёвий қуроллар борасида Россия Сурияга босим ўтказсин'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

АҚШ Давлат котиби Жон Керри Россиядан Суриядаги кимёвий қуроллар заҳирасини яксон қилишни тезлаштириш учун президент Ассадга босим ўтказишни сўраган.

Жаноб Керрига кўра, ҳозиргача Сурияда мавжуд кимёвий қуролларнинг атиги 4 фоизи йўқотилган, холос.

АҚШ ва Россия вакиллари Мюнхенда ўтаётган хавфсизлик бўйича анжуманнинг норасмий қисмида ушбу масалани ҳам муҳокама қилишган.

Суриядан олиб чиқиладиган кимёвий қуроллар жорий йилнинг июн ойигача яксон қилиниши керак.

БМТ дастаклаган режа бўйича, Сурия ҳукумати кимёвий қуролларни Латакия портига олиб бориш масъулиятини ўз зиммасига олган.

Заҳарли қуролларнинг дастлабки қисми 7 ва 27 январда Латакияга етказилган.

Бироқ жараённинг бориши АҚШни қониқтирмаётганини айтган жаноб Керри.

Ҳаагада учрашув ўтказган Оммавий қирғин қуролларини тугатиш аъзолари ҳам Сурияда кимёвий қуролларни олиб чиқиш жараёни секинлашганини билдирганлар.

Дания ва Норвегия Суриядан келган юкларни Италияга етказиш, у ердан асосий Америка транспорт воситаларига ўтказиш учун кема ва қўриқчилар билан таъминлаб беради.

Суриянинг кимёвий қуроллари сув остида яксон қилиниши керак.

Таҳлилчиларга кўра, Сурия ўзидаги қурол заҳираларини белгиланган муддатда тугатмас экан, халқаро санкциялар таҳдид солиши мумкин.

Бундан олдин Россия ва Хитой Сурияга нисбатан жазо чоралари киритилишига вето қўйган эдилар.

Мюнхенда Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров, АҚШ Давлат котиби Жон Керри, БМТ Бош котиби Пан Ги Мун ва БМТнинг Сурия бўйича вакили Лаҳдар Брахимий билан Женевадаги музокаралар натижаларини муҳокама қилишган.

Женеведа Сурия ҳукумати ва мухолифати қатнашган дастлабки музокаралар жума, 31 январ куни вакилларнинг ўзаро даҳанаки жанги билан самарасиз якун топди.

Сурия можароларига чек қўйишга бағишланган музокаралар 10 февралда давом этиши кутилмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ