Индонезияда вулқон отилишидан 14 киши ҳалок бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кучли вулқон отилишидан ҳавога қуюқ тутун кўтарилган ва атрофдаги қишлоқларни эгаллаб олган.

Индонезиянинг Суматра оролида юз берган вулқон портлашидан камида 14 киши ҳалок бўлди, деб хабар беради мамлакат расмийлари.

Шанба куни тўсатдан кучли вулқон отилишидан ҳавога қуюқ тутун кўтарилган ва атрофдаги қишлоқларни эгаллаб олган.

Синабунг вулқони тутунининг баландлиги 2 кмга етган.

Қутқарув хизмати ходимининг айтишича, ҳалок бўлганлар орасида мактаб ўқувчилари бўлиб, улар вулқонни томоша қилгани келишган. Тахминларга кўра, болалар вулқон чиқарган қайноқ тутун булути ичига тушиб қолганлар.

Вулқон отилишидан олдин ҳукумат Синабунгдан 5 чақирим атрофдаги туманлардан 14 минг одамни кўчирган. Уларга вулқон тингандан сўнг уйларига қайтишларига рухсат берилган.

Индонезияда 2010 йил "уйғонган" Синабунг вулқони отилишидан икки киши ўлган ва 30 минг киши уйларини тарк этишга мажбур бўлган эди.

Бунгача Синабунг 400 йил давомида уйғонмаган. Бу Индонезияда ҳаракатдаги 130 вулқондан бири саналади.

Мамлакат сейсмик ва вулқон фаол ҳудудда жойлашган бўлиб, даҳшатли зилзила ва вулқонлар тез-тез содир бўлиб туриши шундан.

Индонезиядаги вулқон геологлар таъбири билан "Оловли доира" гуруҳига кириб, Тинч уммони қирғоғидаги жуда катта ҳудудни қамраб олади.