Украина мухолифати инқироздан чиқиш йўлини таклиф қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хавфсизлик бўйича Мюнхенда ўтаётган анжуманда Украина мухолифати раҳбарлари мамлакатдаги сиёсий инқирозни ҳал қилиш бўйича режаларини эълон қилганлар.

Мухолифатнинг АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан учрашувида ушбу режа билдирилган. Музокараларда "Баткивщина" партияси раҳбари Арсений Яценюк, "УДАР" ҳаракати етакчиси Виталий Кличко, Раданинг мухолифатдаги депутати ва Украина собиқ ташқи ишлар вазири Петр Порошенко қатнашган.

Арсений Яценюкнинг айтишича, инқироздан чиқиш учун аввало мамлакатдаги зўравонликларни тўхтатиш лозим.

Режанинг қолган бандларига кўра, Украина ҳукумати "гаров"га олганларни озод қилиши керак. Шунингдек, намойишда қатнашганларнинг ўғирланиши, калтакланиши, қийноқлар ва қотиллик ҳолатларини ҳаққоний текшириш. Ва ниҳоят, Украинада конституцион ислоҳотлар ўтказиш ва президент-парламент принциплари асосидаги республикага қайтиш режаси билдирилади.

"Конституцион ислоҳотлар ўтказилган ҳолатда, Украина Президент Виктор Янукович ҳукумати учун эмас, Украина давлати учун Ғарбдан иқтисодий кўмак олиши мумкин. Украина мухолифати шунда мамлакатдаги вазият учун барча масъулиятни ўз зиммасига олади"- деб айтган "Баткивщина" партияси етакчиси.

Арсений Яценюкка кўра, мухолифат режаси амалга ошса, Украина ғарблик ҳамкорлардан 15 миллиард доллар молиявий ёрдам олиш эҳтимоли бор.

"Украинанинг келажаги Оврўпо Иттифоқида"

Анжуманда қатнашган Оврўпо Иттифоқи вакиллари айтишларича, ўзларининг Украинага қилган иттифоқ билан яқинлашиш таклифи ҳамон кучда.

Оврўпо Кенгаши Президенти Херман Ван Ромпей айтишича, Украинанинг келажаги Оврўпо Иттифоқида.

Америка Давлат котиби Жон Керрининг таъбирича, "АҚШ демократия учун курашни дастаклайди".

"Айни пайтда ҳеч қаерда демократия учун, оврўпоча келажак учун кураш Украинадаги каби муҳим эмас. Аксарият украиналиклар эркин ва ривожланган мамлакатда яшашни хоҳлайдилар. Улар ўзларининг орзуларини амалга оширишга кўмаклашадиган келишувлар учун курашмоқдалар", деган АҚШ Давлат котиби.

Бироқ Россия Оврўпо Иттифоқини икки хил стандарт сиёсатини юритишда танқид қилган.

Мюнхендаги халқаро хавфсизлик масалаларига бағишланган анжуманда Ғарб ва Россия раҳбарлари ўртасида аччиқ-тизиқ гап бўлиб ўтган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Оврўпо Иттифоқини Украинадаги зўравон кўча намойишларини ҳимоя қилишда айблаган.

"Нима учун Украинада давлат бинолари босиб олиниши, полицияга ҳужум қилиниши ва ирқчилик, антисемит шиорлар билан чиқаётганларни Оврўпо раҳбарлари қораламаяпти. Аксинча Оврўпонинг нуфузли сиёсатчилари бундай ҳаракатларни қувватлаяпти. Агар Россия ҳукумати Лондон, Париж ёки Гамбургдаги тартибсизликларни ёқлаб чиқса, унга қандай муносабат бўлган бўлур эди?"- деб айтган жаноб Лавров .