Покистон ҳукумати илк бор Толибон билан расмий музокара ўтказмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи ap

Покистон маҳаллий матбуотига кўра, ҳукумат ва Толибон ҳаракати вакиллари ҳайъати номаълум манзилгоҳда илк бор расман расман учрашишмоқда.

Улар тинчлик музокаралари учун "йўл харитаси"ни ишлаб чиқишни бошлашади.

Расмий учрашув ҳукумат Толибон ҳайъати таркибини очиқлашни сўраши ортидан бир ҳафтага кечиктирилганди.

Покистон Толибон ҳаракати 2007 йилдан бери мамлакат ичкарисида исёнкорлик олиб боради.

Музокаралар ташаббуси ўтган ҳафта ҳужумлар кўпайиши манзарасида Бош вазир Навоз Шариф тарафидан эълон қилинган.

Январ ойининг ўзида амалга оширилган Толибон ҳужумларида аскарлар дохил, 100дан ортиқ одам нобуд бўлган. 2007 йил Толибон ҳаракати пайдо бўлганидан бери минглаб инсонлар ҳалок этилган.

Ҳукумат тарафидан бош музокарачи Ирфан Сиддиқийнинг айтишича, уларнинг қўмитаси музокараларга "бағрикенглик" билан ёндашмоқда.

Ҳукумат ҳайъатида Сиддий жаноблари билан бир қаторда кекса журналист Раҳимуллоҳ Юсуфзай, собиқ элчи Рустам Шоҳ Моҳманд ва жосуслик хизматининг истеъфодаги агенти Амир Шоҳлар бор.

Толибон тарафидан эса, "Толибон отаси" деб кўрилган Мавлоно Сами ул-Ҳақ, Исломободдаги Лаъл Масжид бош уламоси Мавлоно Абдул Азиз ва Иброҳим Хон музокараларда иштирок этишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ