Сочи олимпиадасида илк олтин медални америкалик спортчи қўлга киритди

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Сочидаги XXII Қишки Олимпиада ўйинларининг илк олтин медалини АҚШлик сноубордчи Сейж Котсенбург қўлга киритган.

8 феврал куни чанғи пойгаси, биатлон, конкида югуриш ва фристайл спорт турлари бўйича ғолиблар аниқ бўлиши хабар қилинган.

Бир кун олдин эса Қора денгиз соҳилидаги Сочи шаҳрида янги қуриб битказилган "Фишт" стадионида XXII Қишки Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган.

Маросимда 40000 киши қатнашган.

Улар орасида дунёнинг 87 мамлакатидан борган 2900 спортчи бўлган.

Қишки Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов қатнашган.

XXII Сочи Қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистондан уч спортчи иштирок этади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ксения Григорева ва Артём Воронов тоғ чанғиси бўйича, Миша Ге эркаклар орасида фигурали учиш бўйича мусобақаларда беллашадилар.

Сочи ўйинларининг тантанали очилиш маросими уч соат давом этган.

Қишки Олимпиада ўйинларини очи деб Россия Президенти Владимир Путин эълон қилди.

Олимпиада машъаласини ёқиш шарафига Россиянинг уч карра олимпиада чемпионлари - хоккей дарвозабони Владислав Третяк ва фигурали учиш бўйича Ирина Роднина муносиб кўрилганлар.

Сочи олимпиада ўйинларига қатор нохуш омиллар соя солган.

Гўёки исломий жангарилар олимпиада ўйинларини нишонга олишлари мумкинлиги, олимпиада иншоотларига ҳаддан зиёд кўп маблағ сарфланиб, коррупция авж олгани, бу иншоотларда ишлаган меҳнат муҳожирларига маошлари тўланмагани ва Россия бесоқолбозларнинг ҳуқуқларини поймол этаётгани айбловлари илгари сурилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи RTRS

Ўйинлар бошланиши олдидан Сочига борган хорижлик журналистлар ҳали меҳмонхоналар мусобақаларга тайёр эмаслиги ҳақида ёзганлар.

Бу ўйинларни бойқот қилиш борасида кўплаб чақириқлар янграган.

АҚШ Президенти Барак Обама, Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Сочи ўйинларининг очилиш маросимида қатнашмаганлар.

Мухбирларга кўра, маросимда жаҳоннинг 44 мамлакати давлат раҳбарлари иштирок этганлар.

Сочидаги тантанали маросимда Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай ҳам қатнашган.

Маросимда гапирган Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Томас Бах олимпиада тамойиллари барча учун тенгликни англатишини таъкидлаган.

"Олимпиада инсонларни бирлаштириш учун кўприклар барпо этади. Улар одамларни бир-биридан ажратиш учун девор кўтармайди. Одамлар хилма-хиллиги ва бирлигини ўзида жамлайди", деб айтган Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Томас Бах.

Бу мавзуда батафсилроқ