HRW: Марказий Африкани мусулмонлар бутунлай тарк этиши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилотининг фавқулодда вазиятлар бўйича директори Питер Букерт яқин ҳафта, балки кунларда Марказий Африка Республикасидаги мусулмон аҳоли диний низолар ортидан оммавий равишда мамлакатни тарк этишидан хавотир билдирган.

Букертнинг сўзларига кўра, бу ҳолат мамлакат иқтисодига жиддий зарар қилиши шубҳасиз. Мусулмонлар мамлакатда гўшт тижоратини назорат қилади. Шунингдек бошқа соҳаларда ҳам мусулмонларнинг тутган ўрни катта.

Мусулмон ва насронийлар ўртасидаги тўқнашувлар ўтган йилда содир бўлган давлат тўнтаришидан сўнг кучайди.

Фақатгина охирги кунларнинг ўзида мамлакатда ўн мусулмон ўлдирилган. "Бир мусулмон шундай менинг кўз олдимда ўлдирилди", деб айтган ҳуқуқ фаоли Питер Букерт Би-би-сига.

Интернетда насроний оломон мусулмон эркакларни шафқатсиз қийнаб ўлдиргани ҳақидаги видео лавҳалар тарқалган.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти хабар қилишича, Марказий Африка республикаси пойтахти Бангуида камида 9 киши ўлдирилган.

Ташкилот воизига кўра, бу одамлар шанба тунида бошланган талон-тарожлар пайти ўлдирилган.