'С витамини - саратон учун муқобил муолажа'

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

С витамини саратонни даволаш учун муқобил муолажадир. Америкалик олимларнинг ушбу хулосаси сичқонлар устида олиб борилган тадқиқотларга асосланган.

Шунингдек, тадқиқотга кўра, юқори миқдорли С витамини кимётерапиянинг саратонни ўлдирувчи таъсирини оширади.

Олимларнинг таъкидлашларича, уни қўллаш тухумдон саратони ва бошқа турдаги хатарли ўсма ва шишлар учун хавфсиз, самарали ва арзонга тушувчи муолажа бўлиши мумкин.

Тадқиқотчилар айни усулни давлат тиббий марказларда кенг миқёсда тадбиқ қилиб кўришга чақиришади.

Бироқ, витаминлар учун патент олиш имконсизлиги боис, дори ишлаб чиқаруви ширкатлар бу тажрибага шошилишадиган кўринмайди.

С витамини узоқ вақтдан бери саратонга қарши муқобил муолажа сифатида қўллаб келинган.

1970 йиллар кимёгар Лайнус Полинг С витаминини томир орқали юбориш саратонни даволашда самарали бўлгани хусусида билдирганди.

Кансас университети олимларига кўра, С витамини укол қилинганда танага сингиб кетади ва саратон ҳужайраларини соғломларига зарар етказмаган ҳолда ўлдиради.

Тадқиқотчилар буни лабораторияда инсон тухумдонидан олинган саратон ҳужайралари, сичқонлар ва тухумдон саратони юқори даражага етган беморларда синаб кўришган.

Олимлар касал ҳужайралар С витамини орқали олиб борилган муолажага таъсирчан бўлгани, бироқ соғлом ҳужайраларга зарар етмаганини аниқлашган.

Тадқиқот сичқонлар устида олиб борилганда С витамини одатий кимётерапия даражасида ўсмалар ўсишини секинлаштирган.

Кимётерапия С витамини билан қўшиб қилинганда беморлар зарарли таъсирларидан камроқ шикоят қилишган.

Дори шаркатлари ғояни дастаклашмайди

Тадқиқотчилардан бири Жейн Дриско онкологлар орасида С витаминидан фойдаланишга қизиқиш катталигини айтади.

"Беморлар саратон билан ҳисоблашишда хавфсиз ва арзон танловлар излашади", дейди Жейн Дриско Би-би-си билан суҳбатда.

"Бизнинг дастлабки тадқиқотларимиз ва илк тиббий маълумотларга кўра, томирдан юбориладиган С витаминида шундай куч бор", дея қўшимча қилади у.

Битта тўсиқ бу - дори ишлаб чиқарувчи ширкатлар С витамини тажрибасига ошиқмаслигидир. Чунки улар табиий маҳсулотлар учун патент олиш ҳуқуқига эга эмаслар.

"С витамини учун патент олиш имкони йўқлиги боис бу иш дори ширкатлари томонидан дастакланмайди", дейди тадқиқотлар етакчиси Ши Чен.

"Биз тадқиқот агентликлари витамин Сни шифохоналарда тажриба қилишни дадил қўллаб-қувватлашлари вақти етганига ишонамиз", дейди у.

Буюк Британиядаги Саратон тадқиқотлари марказидан Кэт Арни витамин С орқали саратонни даволаш юзасидан тадқиқотлар узоқ тарихга эга эканини айтади.

"Бор-йўғи 22 беморда синаб кўрилган тажрибадан томир орқали юқори миқдорли С витамини юбориш инсон умрини сақлаб қолиши борасида гапириш қийин. Аммо, афтидан, у кимётерапиянинг зарарларини камайтиргани қизиқ жиҳат", дейди у.

Кэт Арнига кўра, саратон учун ҳар қандай эҳтимолий муолажа йирик клиникаларда синаб кўрилиб, улар хавфсиз ва самарали эканига ишонч ҳосил қилиниши лозим.

"...шундай экан, юқори миқдорли С витамини беморлар учун қанчалар фойдали эканига ишонч ҳосил қилишимиз учун яна тадқиқотлар ўтказилиши керак", дея қўшимча қилади у.

Бу мавзуда батафсилроқ