'МАРда мусулмонларга қарши қирғинбаротнинг олди олинмаган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, халқаро тинчликпарвар кучлари Марказий Африка республикасидаги мусулмонларнинг қирғин қилинишини тўхтата олмаган.

Ташкилотга кўра, "тарихда кузатилмаган даражада кўп мусулмонлар мамлакатни ташлаб қочишмоқда".

Ёрдам ташкилотлари аксар дўконлар ва улгуржи бозорлари мусулмонлар қўлида бўлгани боис энди мамлакатда озиқ-овқат инқирози юзага келишидан огоҳлантирган.

БМТнинг Жаҳон Озиқ-овқат ташкилоти ҳаводан кўмак етказишни бошлаши кутилади.

Жаҳон Озиқ-овқат ташкилоти воизига кўра, қуруқликдан ҳарбий қўриқчиларсиз озиқ-овқат етказиш йўллар ўта хатарли қолмоқда.

Шу боис, БМТ агентлиги қимматга тушадиган - қўшни Камерундан ёрдамларни учоқларда жўнатиш йўлини танлаган.

Чоршанба куни Марказий Африка Республикасига 82 тонна гуруч, етказиб берилиши, кейинроқ 1, 800 тонна дон маҳсулотлари йўлланиши айтилганди.

Бу билан 150, 000 инсонни боқиш мумкин, бироқ яна 1.25 миллион киши озиқ-овқат ёрдамига мухтож қолмоқда.

БМТ маълумотларига кўра, аҳолининг 90 фоизи кунига бир мартадан овқатланмоқда.

Мусулмон тижоратчилар пойтахт Бангини ташлаб қочиши ортидан нарх-наволар ҳам осмонга сапчиган.

Охирги мусулмон

Олдинроқ, Марказий Африка Республикаси вазирларидан бири Гастон Макоуземба жамоалар орасида диний ва этник низолар кучаяркан, қирғин эҳтимоли йўқ эмаслигидан огоҳлантирганди.

Зўравонликлардан ҳар бир жамоа зарар кўрган, кўплаб мусулмонлар жон сақлаш илинжида ўз уйларини ташлаб қочишган.

Пойтахт Бангидаги имомлардан бири ўз қўрқувларини Би-би-си билан бўлишган.

Мусулмонларга қарши зўравонликлар декабр ойидан бошланди - улар бизни ханжарлар ва ўқотар қуроллар билан ўлдира бошлашди. Барча мусулмонлар Километр 5 деб номланган битта маҳаллага қочиб боришди.

Бошқа мамлакатлардан келган мусулмонлар аллақачон қочиб қолишди. Меним рўйхатимга бир боқинг: Чадликлар, камерунликлар, Нигерия, Нигер, малиликлар ҳаммаси кетиб бўлишди. Орқада қолганлар биз, марказий африкаликлармиз.

Мен Бангида туғилиб-ўсганман. Отам Марказий Африкадан, онам Марказий Африкадан.

Оилам пойтахтга 1946 йил кўчиб келган. Ота-онамнинг тенгдошлари Километр 5ни чангалзорлардан тозалаб, шаҳар шароитига келтиришган.

Аксил-балака гуруҳи аъзолари бизни нишонга олишмоқда. Улар пойтахтдаги аксар масжидларга ўт қўйишди. Маҳалламизда саноқлигина масжидларга тегилмади.

Мен Бангини тарк этишни истамайман, Марказий Африкадан чиқиб кетадиган ёки шу ерда кўмиладиган сўнгги мусулмон бўлишни истайман.

Бу мамлакат - ота-онамнинг охирги кетган манзили.

'Мусулмонча исм ўта хатарли'

Агар исмингиз Жон, Петер, Мэри ва ё Мартин бўлса яхши. Аммо, Муҳаммад, Усмон ё-да, Иброҳим бўлиб чиқсангиз, вазият хунук тарафга ўзгаради, сиз нишонга олинганлар рўйхатига олинасиз.

Банги аксар мусулмонлардан иборат бизнес жамоасини йўқотмоқда - улар мусулмонлар дўконларини талон-тарож қилишмоқда.

Кундалик эҳтиёж моллари нархлари ошиб кетган, бир ҳовуч салат ёки битта совун аввалгидан икки баравар қимматлаган.

Гўштни тушингизда кўринг

Гўшт сотиб олиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрманг, чунки топа олмайсиз.

Бангида чорва билан шуғулланувчи фуланилар ва кўчманчи чадликлар зўравонликлардан қочиб Камерунга йўл олишган.

Менинг рафиқам ва болаларим ҳам мамлакатдан чиқиб кетишди. Уларнинг мен билан қолишлари жуда хавфли эди.

Мусулмон жамоаларидаги эркакларгина қолиш ва ўз мол-мулкларини ҳимоя қилишга қарор беришди.

Биз бу ердан кетолмаймиз

Биз Марказий Африка Республикаси мусулмонларимиз, мамлакатимизни ташлаб кетолмаймиз.

Агар улар бизни маҳалламизда - Километр 5да ўлдиришмоқчи бўлишса, ўлдиришсин. Бизнинг қуролимиз йўқ, аммо қиматимизга ёзилганини қабул қиламиз. Чунки, биз Аллоҳга ишонамиз ва У бизни ҳимоя қилишига ишончимиз комил.

Франция қўшинлари асосий кўчаларда қўриқчилик қилаётганига гувоҳмиз. Аммо, улар бизни ҳимоя қилиш учун маҳалламизга келишмайди. Биз фақат Аллоҳнинг марҳамати билан тирикмиз.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан имомнинг исми шарфи ошкор қилинмади.