Россия Думаси муҳожирлар учун амнистияни таклиф қилмоқда

Ўтказилган сўровларга кўра, аксарият россияликлар мамлакатга келаётган меҳнат муҳожирлари оқимини чегаралашни хоҳлайди.

Ҳукумат асосий муҳоҳирлар оқими келадиган мамлакатлар билан виза тизими киритишни рад қилиб келади.

Бунинг ўрнига, деб ёзади "Независимая газета", депутатлар муҳожирлардан Россияда ишлашга хоҳиши борлигини сўрамоқчи.

Шунингдек бошқа таклифлар-меҳнат муҳожирлар учун ягона электрон паспорт беришни йўлга қўйиб, муҳожирлик рақами орқали бутун мамлакатдаги фаолиятини кузатиш таклифи билдирилмоқда.

Ягона Россия депутатлари эса муҳожирларга амнистия берилишини ёқлаб чиқишди.

Давлат Думасининг иқтисодий сиёсат бўйича қўмита бошлиғи Игор Руденскийга кўра, "Ким Россияда қолишни хоҳласа, рўйхатдан ўтишга имкон бериш керак. Меҳнат биржаси орқали ишга жойлаштирилсин. Қонунни бузса, кейин жазолансин, чиқариб юборилсин".

Россияга визасиз келувчи муҳожирлар 90 кун амал қиладиган тиббий суғуртага эга бўлиши лозим. Муҳожирлар учун ягона электрон паспорт жорий қилиш зарур, деб айтади депутат.

"Агар муҳожир Россияга киргунча даволанишга ёки саёҳат қилишга келаётганини айтиб, сўнгра ишга жойлашиб олса, уни чиқариб юбориш керак. Шунингдек, муҳожир ишлашга келаётганини айтсаю, лекин ишга кирмаса ҳам ортига қайтарилади, дейди Дума депутати.

Бироқ Федерал Муҳожирлик хизмати муҳожирлик амнистияси ғоясини ёқламаяпти. ФМХнинг раҳбари Константин Ромодановский бундай амнистия самарали бўлишига ишонмаслигини айтади.

"Муҳожирлик хизматига кўра, "ҳозир Россияда 10,5 миллион хорижлик бор, уларнинг 4,3 миллиони аниқ мақсадсиз мамлакатда юрибди".

Мустақил таҳлилчилар Россия иқтисодига муҳожирлар меҳнати зарурлигини таъкидлашади. Бироқ муҳожирлар билан боғлиқ соҳаларнинг ҳаддан ташқари коррупциялашгани хорижий меҳнат ресурсларини легаллаштирилишига тўсқинлик қилади.

"Муҳожирлик сиёсатида аниқ мақсад ишлаб чиқилмаган. Бироқ мамлакатда арзон ишчи кучига аниқ коррупцион талаб бор. "Тожикларни ёллаш- бу шунчаки муомалага кирган ибора эмас, бугунги муҳожирлик сиёсатининг фалсафаси ҳисобланади. Шундай экан ҳозирги муҳожирлик сиёсати самарасиз", дейди "Адолат учун" қўмитасининг директори Денис Дворников.

Бошқа кузатувчилар фикрича, қонуний муҳожирлар тўлайдиган солиқ мамлакат бюджетига 100 миллиард рублгача даромад келтириши мумкин.