Миср: Мурсий устидан янги маҳкама қолдирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Муҳаммад Мурсий Мисрнинг халқ сайлаган биринчи Президенти эди

Қоҳирадаги маҳкама ўтган йили ҳокимиятдан ағдарилган Президент Муҳаммад Мурсий устидан янги маҳкама жараёнини қолдирган.

Бунга жаноб Мурсий ҳимоячиларининг у ва бошқа айбланувчиларнинг овоз ўтказмайдиган махсус шиша қафасда ушлаб турилишига қарши норозилик сифатида маҳкама залини тарк этишлари сабаб бўлган.

Маҳкама бир ҳафтага кечиктирилган.

Жаноб Мурсий жосуслик ва террорчилик амали содир этишга тил бириктириш сингари янги айбларга юз тутмоқда.

Ўтган йил июлида ағдарилган собиқ Президент учта хорижий давлат билан Миср манфаатларига қарши ҳамкорлик қилишда айбланади.

'Нимадан қўрқасиз?'

Жаноб Мурсийни махсус овоз ўтказмайдиган шиша қафасга қўйишган.

Собиқ Президент ўтирган жойидан ҳакамларга қарата "Нимадан қўрқасиз? Сизни халқ қўлламайди, шундан қўрқасизми?" деган.

Қудратдаги ҳарбийларнинг тарафдорлари Мурсий қатл этилсин, дейишади.

Аммо "Мусулмон биродарлар"дан чиққан собиқ Президентни дастакловчилар кам эмас.

Мурсий Мисрдаги биринчи демократик сайловларда қудратга келганди.

Лекин ўтган ёзда унга қарши намойишлар бошланиб кетди.

Жаноб Мурсий қудратдан четлатилгач, унинг тарафдорлари ва "Мусулмон биродарлар" гуруҳига қарши таъқиблар кучайди.

Ҳозирги ҳарбийлар назоратидаги ҳукумат бошқа мухолифларни ҳам сиқувга олмоқда.

Мурсий тарафдорлари ҳам кўп минг кишилик намойишлар ўтказиб келишади.

Ҳарбийлар ва Мурсий тарафдорлари ўртасидаги тўқнашувларда ҳозиргача мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган.