Ироқ шиа раҳбари Муқтадо ас-Садр сиёсатдан кетмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ироқнинг нуфузли диний уламоси, шиа раҳбарларидан Муқтадо ас-Садр ўзининг сиёсий фаолиятини тўхтатишини эълон қилди.

Ас-Садр ўз қарорини ислом қоидаларига риоя қилиш, ўз оиласи шаънини асраш мақсади билан изоҳлаган. Ас-Садр Саддам Ҳусайн даврида отаси ва яқин қариндоши шаҳид бўлганини эслатади.

"Мен бундан кейин сиёсий ишларга аралашмасликни лозим топдим. Мамлакатдаги ҳеч бир партия ҳукуматда ва ундан ташқарида бизнинг манфаатларимизни намоён қилмайди",- дейилади ас-Садрнинг мурожаатида.

Муқтадо ас-Садрнинг мурожаати сайловларга икки ой қолганда билдирилди. Ас-Садр сиёсатга боғлиқ барча идораларини ёпишга ваъда бермоқда. Унинг айтишича, бундан кейин ижтимоий, маърифий лойиҳалар билан шуғулланади.

Айни пайтда имом ас-Садрнинг тарафдорлари парламентдаги 325 ўриндан 40 тасини эгаллаган.

Муқтадо ас-Садр АҚШ қўшинларининг Ироққа бостириб киришига қарши чиқишлари билан яхши танилган эди.

Шунингдек, у Ироқнинг ағдарилган, сўнгра қатл қилинган раҳбари Саддам Ҳусайннинг ашаддий душманларидан бири ҳисобланган. Саддам Ҳусайн қатли пайти унинг шахсан ўзи қатнашгани ҳақидаги хабарлар чиққанди.

Ас-Садрнинг " Маҳдий армияси" Ироқда Америка кучларига қарши тўқнашувларда фаол иштирок этган.

Шунингдек у кўп қурбонларга сабаб бўлган шиа ва сунний можароларида ҳам асосий ўрин тутган шахслардан саналади.

Бироқ охирги йилларда шиа бош вазир Нури Маликий билан қарама-қаршиликда ютқазиб, илгариги нуфузига таъсир қилмай қўймади.

Муқтадо ас-Садр диний оилада вояга етган. Аксиламерика фаолияти билан шуғулланган. Унинг "Маҳдий армияси" 2006-2007 йилларда одам ўғирлаш, қийноқлар ва юзлаб суннийларнинг ўлимида айблангач, Эронга қочиб ўтган. Сўнгра Нури Маликий ҳукуматига қарши курашади. Кўп жангчилари қўлга олиниб, ташкилоти тарқалгач, ҳукумат билан келишув имзолашга мажбур бўлган.

Ас-Садрнинг армияси Ироқдан Америка қўшинлари чиқиб кетишига ҳисса қўшган. У Ироқ халқини бирлашишга чақириб келади.