Аксилҳукумат намойишчилар Киев шаҳри ҳокимлиги биносини бўшатганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина пойтахти Киев шаҳри ҳокимлигини босиб олган аксилҳукумат намойишчилар бинони бўшатганлар.

"Шаҳар ҳокимлиги деярли буткул эвакуация қилинди", деб айтган мухолифат фаолларидан Руслан Андрико.

Киев ҳокимлиги биносини намойишчилар икки ойдан кўпроқ вақт мобайнида эгаллаб турдилар.

Ҳукумат норози намойишчилардан босиб олган ҳукумат биноларини бўшатиб қўйишни ва тўсиб олган йўлларини очишни талаб қилади, бунинг эвазига аксилҳукумат намойишлари пайти хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олган намойишчиларга қўйилган айбловлар бекор қилиниши ваъдаси берилган.

14 феврал куни қўлга олинган 243 мухолифат дастакловчиси ҳибсдан қўйиб юборилган.

Украина Бош прокурори Виктор Пшонка энди мухолифатдан босиб олган биноларини бўшатиб қўйишни ва Грушевский кўчасидаги баррикадаларини очишни талаб қилган.

Агар мухолифат бу талабларни бажарса, ҳозирча уй қамоғи шароитига ўтказилган мухолифат дастакловчиларига қарши қўзғатилган жиноят ишлари бир ой мобайнида тўхтатилиши айтилган.

Киев шаҳри ҳокимлиги биносини бўшатгандан кейин мухолифат транспорт қатнови учун тўсиб олган кўчанинг бир қисмини очишга рози бўлган.

Украинада норозилик намойишлари 2013 йил ноябрида Президент Виктор Янукович Оврўпо Иттифоқи билан янада яқинлашишни кўзда тутган битимни имзолашдан бош тортганидан кейин бошланган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ