Давра суҳбати: Шўролару Ғарбдан қандай Афғонистон қолаяпти?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Толибон АҚШни бошига собиқ Шўролар Иттифоқининг куни тушиши билан огоҳлантираётган бир манзарада хорижий қўшинларнинг оммавий сафарбарликлари ортидан, қўшни Афғонистонда инсоний фожеа юз беришига оид хавотирлар ҳам янграмоқда.

Шўро қўшинлари Афғонистонни тарк этишганига роппа-роса чорак аср бўлган бир йилда 13 йиллик ҳозирликлари ортидан Ғарб ҳарбийлари ҳам ортга қайтишмоқда.

Аммо йирик икки ташқи кучнинг узоқ йиллик ҳозирликларига қарамай афғон можароси ҳамон ўз ечимини топмаган:

Ўзбекистоннинг шундоққина биқинида қуролли ва исёнчи гуруҳлар ҳануз фаол, мамлакат Толибон таҳдиди қаршисида.

Берилган ва берилаётган миллиардлаб долларлик ташқи ёрдамларга қарамай, Афғонистоннинг иқтисоди ҳалиям абгор.

Давлатнинг бутунбошли бюджети ва йиллик Ялпи Ишлаб Чиқариши бутунлай хорижий донор давлатларга қараб қолган.

Ички ишлаб чиқариш деярли ривожланмаган, коррупция ва ишсизлик чуқур илдиз отган.

Афюн ишлаб чиқариш суръатию кўлами ўша-ўша - дунёда энг пешқадам мавқеъда.

Аксарият аҳолиси қашшоқ. Одамларнинг маош ва нафақалари ҳам берилаётган халқаро ёрдамлар ҳисобидан.

Хуллас, дунёнинг энг олд давлатларининг 13 йиллик ҳарбий, иқтисодий ва молиявий кўмаклари ортидан Афғонистон бугун ҳам ҳар жиҳатдан ёрдаму ҳимояга муҳтож.

Буларнинг устига устак, АҚШ ва расмий Кобул ўртасида муҳим хавфсизлик битими ҳам ҳануз имзоланмаган:

Қўшни Афғонистонда бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан хориж ҳарбийлари қолиш-қолмасликлари, мамлакат ўта муҳтож ташқи молиявий ёрдамларнинг тақдири нима бўлиши маълум эмас.

Иқтисодининг буткул пароканда бўлиши эса, Афғонистоннинг давлат сифатида таназзулга юз тутиши эҳтимолини кучайтиради.

Таҳлилчиларга кўра, бу нафақат Афғонистоннинг ўзи, балки бутун минтақада вазиятнинг издан чиқиб кетишига олиб келади.

Улар Покистон, Ҳиндистон ва Эрон каби минтақадаги йирик ўйинчи давлатлар манфаатларининг эҳтимолий қайта тўқнашуви вазиятни янада таранглаштириши истиқболидан ҳам хавотир билдиришади.

Буларнинг барчаси манзарасида нафақат Афғонистонга қўшни Марказий Осиё давлатлари, балки уларга нисбатан қудратли, деб эътироф этилувчи Россия ва Хитой ҳам ташвишда.

Улар Толибон муаммоси ўз ечимини топмаган бир вазиятда минтақада исломий фундаментализм кучайиши, Афғонистон фуқаролар уруши гирдобига ботиши, экстремистлар ва бангивор моддалар уясига айланишидан хавотирдалар.

Шундай экан, чорак асрлик ноқонуний ва қонуний "ишғол" ортидан ҳам қўшни Афғонистон можароси ҳануз ўз ечимини топмади. Улардан Афғонистонга қандай фойда бўлдию, қандайин зиён? Энди Афғонистонга нима бўлади?

Туркиядан сиёсий таҳлилчи Абдусалом Осим ва Ўзбекистонга бевосита қўшни Афғонистон шимолилик зиёли Муҳаммад Басир Муқимий билан уюштирган давра суҳбатимиз худди шу саволлар атрофида бўлган. Сиз ҳам тингланг.