Эфиопия учоғини олиб қочган шахс учувчи экани айтилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ethiopian Airlines ширкатининг Эфиопиядан Италияга йўналган учоғини гаровга олган шахс иккинчи учувчи бўлиб чиқди, деб хабар беради Женева полицияси.

Учувчи Эфиопиядан Римга бориш ўрнига йўналишни Женевага қараб бурган.

Швецария полициясига кўра, учоқ командири ҳожатхонага кирган пайт иккинчи учувчи учоқни бошқаришни қўлига олган. У учоқни Женева қўналғасига ўзи қўндирган, сўнг деразадан арқон орқали чиққани айтилмоқда.

Олиб қочилган Boeing 767 учоғи бортида 200 га яқин йўловчи бўлган. Полициянинг айтишича, учувчи қуролланмагани сабабли йўловчиларнинг ҳаётига хавф туғдирмаган.

Учоқ Судан ҳудудидан ўтаётганда уни гаровга олингани хабар қилинган. Учоқ Женевага қўнганида полиция ва ёнғин учирувчи машиналар уни ўраб олишган. Йўловчилар қўлларини кўтарган ҳолда туширилиб, автобусга ўтказилганлар.

Маълумотларга қараганда, учоқни гаровга олган 30 ёшлардаги Эфиопия фуқароси Швецариядан сиёсий бошпана сўраш ниятида бўлган. У ватанида қолиш ҳаёти учун хавфли эканини сезиб, шу ишга қўл урганини полицияга айтган. Содир бўлган ҳодиса юзасидан тергов ишлари бошланган.