Таҳлил: Путин Сочи учун 50 миллиард долларни қаердан олди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Сочидаги Қишки Олимпиада Ўйинлари ярмига етай деб қолганда, айрим нуфузли Ғарб нашрларини худди шу савол қизиқтириб қолган.

Жумладан, Буюк Британияда чоп этилувчи "Financial Times" газетаси бу саволни ўзидан бўладими ва ё бошқадан, дангалига сўраб қўя қолган.

Аммо британ нашри, ҳеч кимга оғиз очишга имкон бермай, шу оннинг ўзидаёқ жавобини ҳам ўзи бериб қўя қолган.

Агар, тафсилотлари билан танишсангиз, буёғини, "Коса тагидаги нимкоса"га қиёс берасиз:

Яъни, "Financial Times" АҚШ, Россия ва табиий газ мавзуси ҳақида сўз юрита туриб, президент Путин Сочи Қишки Олимпиада Ўйинлари учун 50 миллиард долларни қаердан олди, деган саволни ўртага қўяди.

Дейдию, яна, "Буни "Газпром"нинг баланд нархларига кўнишдан ўзга чораси йўқ Украина ва Олмония каби мижозларидан сўранг", - дея бош қотириб ўтиришингизга ҳожат қолдирмайди.

Нашрнинг ёзишича, айнан газдан тушаётган мўмайгина даромад Россия раҳбари Владимир Путиннинг анчайин тажовузкор ташқи сиёсат олиб боришига изн берган.

Ўз навбатида, Сочи Қишки Олимпиада Ўйинларининг дунё тарихига энг қиммати сифатида киришига ҳам замин яратган.

Британ нашрининг тан олишича, ҳатто, манаман деган Америка Қўшма Штатларида ҳам Россиянинг давлатга қарашли "Газпром" ширкатига тенг ширкат йўқ.

Бироқ, муаллиф наздида, АҚШда бўй кўрсатаётган энергия инқилоби Россиянинг ўз қўшниларига ўтказаётган босимини пасайтириши мумкин.

Президентлик ваколатининг сўнгги йилларида Барак Обама мавжуд ўйин қоидаларини ўзгартириши мумкин, деб ёзади у.

Гап нимада?

Мақола тафсилотларидан аён бўлишича, ҳамма гап сланец газига боғлиқ.

Аён бўлишича, сўнгги йилларда АҚШ сланец қатламидан газ олиш соҳасида йирик технологик ютуқларга эришган.

Худди шу сабаб, охирги беш йил ичида Америкада табиий газ нархи кескин пастга тушиб кетган.

Америкадаги бугунги нархлар эса, "Газпром" Оврўподаги харидорларидан сўраётганидан 70 фоизга арзон, деб ёзади нашр.

Financial Timesга кўра, АҚШда сланец гази захиралари шу қадар улканки, улар тез орада табиий газнинг Саудия Арабистонига айланишлари мумкин.

Барак Обама маъмурияти эса, аллақачон сланец газини четга экспорт қилишга изн берувчи қурилиш лойиҳасини ҳам маъқуллаб улгурган.

Ўзига хос экспорт жараёни билан боғлиқ сарф-харажатлар назарда тутилганда ҳам, бу - Россия таклиф этаётган газдан кўра арзон бўлади.

Газ олди-сотдиси учун эркин бозор пайдо бўлса, бу, ўз навбатида, Оврўпода нарх-навонинг кескин пасайишига олиб келади, деб ёзади нашр.

Худди шу манзарада Financial Times, "Буларнинг барчаси Владимир Путин ва унинг атрофидагилар учун нимани англатади?", - деган саволни ҳам қўяди.

Бунинг ортидан эса, бошқаруви катта миқдордаги нефт захираларига асосланган авторитар тузумлар нархлар юқори бўлган пайтда ўз кучларини кўрсатишлари, аммо тушиб кетган ҳолларда осонлик билан муросага боришларини эслатиб ўтади.

Британ нашрининг энг сўнггида ёзишича, энди Америка Қўшма Штатларида дунё бўйлаб энергия маҳсулотлари нархини пасайтириш, ўзининг дўстлари ва иттифоқчиларига муқобил энергия манбаларини таклиф этиш имконияти бор.

Агар АҚШ энергия инқилобини жаҳонга ёя билса, президенти Барак Обама Россия фуқаролари ва уларнинг қўшниларига мислсиз ёрдам бера олади, деб хулоса қилади "Financial Times".