Саудия матбуотида илк бор аёл бош муҳаррир пайдо бўлди

Саудия Арабистонидаги кундалик нашрларидан бирига бош муҳаррир этиб аёл киши тайинланган.

Инглиз тилида чоп этиладиган "Сауди Газетте" вебсаҳифасида эълон қилинишича, Холид Алмаинанинг ўрнини Сумайя Жабарти эгаллаган.

Газетанинг якшанба кунги нашрида Холид Алмаина Жабарти хонимни қатъиятли ва фидоий журналист дея таърифлаган.

Жабарти хоним: "Шиша шифтда ёриқ пайдо бўлди. Бундан мен эшик ясалишига умид қиляпман", деб айтган.

Ал-Арабия Нюс билан суҳбатда Сумайя Жабарти ўзида бениҳоя катта масъулият ҳис қилаётганини тан олган.

"Менинг ҳатти-ҳаракатларимнинг саудиялик аёлларга таъсири бўлади", дейди у.

Шунингдек, у газетада ҳеч қандай жинсий камситишга дуч келмаганини айтади.

"Мухбирларимизнинг аксари аёллар - бу бизнинг тарафкашлик қилганимиз ва эркаклардан кўра кўпроқ аёлларни танлаб олганимиз учун эмас. Кўп аёллар журналист бўлишга қизиқишади ва кўплаб аёл журналистлар бор".

2011 йил "Сауди Газетте"га ишга келиши ва бош муҳаррир этиб тайинланишидан олдин Жабарти хоним рақиб "Араб Нюс"да фаолият олиб борган.

1982-1993 ва 1998-2011 йилларда "Араб Нюс" муҳаррири бўлган Холид Алмаина: "У қарийб 13 йилдан бери ҳамкорлик қилди. Ва мен узоқ вақтдан бери эркаклар устунлик қиладиган бош муҳаррирлик гуруҳига саудиялик аёлнинг кириб келишини истаганман", дейди.

Жаноб Алмаинага кўра, Сумайя Жабартининг айни вазифага тайинланиши жинси билан эмас, балки унинг бунга лойиқ экани билан боғлиқдир.

Бу мавзуда батафсилроқ