Гугуш эронлик аёлларнинг лесбиан севгиси ҳақида куйлади

Эрон поп маликаси Гугуш ўзининг охирги мусиқий клипида лесбиан икки аёлнинг ишқий муносабатларини акс эттириб, Эрондаги ҳамжинслар ҳуқуқларини ёқлаб чиққан.

Унинг "Беҳешт" деб номланган охирги клипи қўшиқчининг Фейсбук саҳифасида Авлиё Валентин кунида чоп қилинган.

Клипда икки эронлик аёл жамият ва оилалари тўсиқларига қарши ишқий муносабат қурадилар.

Британияда чоп этилувчи Гардиан газетасидаги мақоласида ёзилишича, клип сценаристи ва режиссёри Навид Оқҳаван клипни минглаб эронликлар интернетда ва ноқонуний сателлит каналлари орқали томоша қилишганини айтган.

"Биз бошиданоқ билар эдик бу видео мавзуси эронликлар орасида жуда зиддиятли бўлишини, шунинг учун ёмон муносабатни олдиндан кутгандик. Лекин на мени, ё на Гугушни бу хавотирга солди", - деб айтган у.

Унинг айтишича, аксинча, муносабат жуда ижобий бўлган ва Гугушга Эрондаги ҳамжинслар ўз ҳаётий кечмишлари ҳақида мактублар ёзганлар.

Ўзбек муҳлислари орасида "Ман омадиам" қўшиғи билан машҳур бўлган Гугушни охирги видеоси учун Эрондаги қатор анъанавий веб саҳифалар қоралаб чиққанлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Гугуш бугунда АҚШнинг Лос Анжелес шаҳрида истиқомат қилади

Энғелаб Нюс сайтида ёзилишича, Гугуш аксил-инқилобчидир, ва у монархистлару Баҳайларга сотилган.

Хабар Онлайн сайти видео клипни "фаҳшга тўла" деб таърифлаб, у эронликлар орасида жирканч амалларни тарғиб қилишини айтди.

Клипдаги ролларни икки эронлик актриса - Пегоҳ Фаридоний ва Ясмина Озодий ижро этишган. Клип бошида Фаридонийнинг персонажи ўз севгилисига муҳаббат изҳор қилади, бироқ унинг севгилиси ким эканлиги клипнинг охирида аён бўлади.

"Бу йўлнинг охири аниқмас, буни биламан, сен ҳам биласан. Мени севма дема, бундай қилолмайсан, мен ҳам севмай яшай олмайман", - деб куйлайди Гугуш.

Бугунда 64 ёшида бўлган Гугуш 1979 йилги Исломий инқилобдан сўнг Эронни тарк этишдан бош тортган ва сокин ҳаёт кечириб келган. У ниҳоят Эронни 2000 йилда тарк этиб, 21 йиллик сукут ортидан яна саҳнага қайтган.

У нафақат Эроннинг ёш ва қари авлодлари, балки Марказий Осиё ва араб давлатларида миллионлаб мухлисларига эгадир.

Эронда ҳамжинслар ўлим жазоси ёки узоқ қамоқ муддати билан жазоланади.