Киев: Намойишчиларга тонгдан яна ҳужум қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи REUTERS

Украина пойтахтида қайта авж олган тўқнашувлардаги қурбонлар сони 25га етар экан, Киев полицияси аксил-ҳукумат намойишчиларни яна ҳужумга олган.

Намойишчилар истеҳкомларини бузиш ҳаракати амалга оширилаётган бир вақтда Президент Януковчи мухолифат раҳбарларини зўравонликларни келтириб чиқаришда айблади.

Тун оша олиб борилган музокаралар иш бермади. Президент мухолифатчиларни радикал кучлардан ўзларини йироқлаштиришга чақирди.

Фаоллар эса зўравонликларни келтириб чиқаришда ҳукуматни айбламоқда.

Полиция "Майдон" дея ном чиқарган Мустақиллик майдонига тонгги соат 4:00да ҳужум қилди. Қатор чодирлар ёниб кетган ва сув пуркагичлар ишга солинган.

Би-би-сининг майдондаги мухбирига кўра, полиция декабрь ойидан бери илк марта майдоннинг мухолифатчилар эгаллаб келган қисмини ўз назорати остига олишга муваффақ бўлди.

Намойишлар ўтган ноябрда Президент Виктор Янукович Россия билан яқинроқ алоқалар эвазига Оврўпо Иттифоқи билан битимни имзолашдан бош тортиши ортидан келиб чиққанди.

Намойишчилар ҳукуматнинг амнистия ваъдаси эвазига душанба куни ўзлари ишғол қилиб келаётган ҳукумат биноларини бўшатишни бошлагандилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бироқ, сешанбада ҳукумат тарафдорлари мухолифатнинг президент ваколатларини қисқартириш ҳаракатларига қарши чиқишлари ортидан парламент ташқарисида яна тўқнашувлар келиб чиққан.

Чоршанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги чиқарган баёнотда иккала тарафдан ҳам қурбон бўлганлар сони 25 кишига етгани айтилади.

Ички ишлар вазирлиги қурбонлар орасида полициячилар йўқлигини айтди. Қурбонларнинг бири журналист бўлган.

Юзлаб одамларга касалхоналарда тиббий ёрдам кўрсатилган, талафотлар сони эса яна ошиши кутилади.

Майдонда ҳали ҳам портлашлар юз бераяпти, мушаклар отилиб, ёнғинлар келиб чиқаяпти.

Намойишчилар шиналардан баррикадалар ясаб, афтидан мудофаа чизиғини сақлаб қолганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сешанбадан бери Майдонни минглаб полициячилар ўраб олганлар, лекин яна кўплаб аксил-ҳукумат намойишчилар сафдошларига қўшилиш учун чодирлар жамлоғига йўл олишгани хабар қилинади.

"Озодлик ороли"

Чоршанба тонгида чиқарган баёнотида Президент Янукович: "Мухолифат раҳбарлари демократия тамойилини писанд қилмадилар. Бу тамойилга биноан, қудратга кўчалар ё майдонларда эмас, балки сайловлар орқали эришилади," - деди.

Унинг айтишича, мухолифат халқни қўлига қурол олишга чақирди, ва зўравонлик учун масъуллар қонун олдида жавоб беради.

Президент инқирозни ҳал қилишнинг "яхшироқ ва самаралироқ йўли" мулоқот ва муроса эканини айтди.

"Можарони тўхтатишга ҳали кеч эмас," - деди у.

Хавфсизлик кучлари намойишчилардан сешанба куни соат 18:00гача Майдонни бўшатишни талаб қилганди.

Соат 18:00дан сал ўтиб қўзғолон полицияси қуролланган машиналар билан Майдонга кириб келиб, тўсиқларни буза бошлади, ҳамда кўзни ёшлантирувчи газ ва сув пуркагичларни ишга солди.

Намойишчилар ёнаётган шиналар ортидан Молотов коктейлларини отиб, ўзларини мудофаа қилдилар.

Тун оша майдонда сўзга чиққан намойиш лидерлари Майдондаги одамларни жойларидан жилмасликка, қолган украиналикларни эса ўз ватандошлари сафларига келиб қўшилишга ундашди.

"Бу озодлик ороли ва биз уни ҳимоя қиламиз," - деди Удар партияси раҳбари Виталий Кличко.

Ота юрт партияси раҳбари Арсений Яценюк Президент Януковични қон тўкилишини тўхтатиш ва ярашишга чақирди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters