Кремль: "Путин Януковичга маслаҳат бермаяпти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, Украинадаги воқеаларни давлат тўнтариши ҳаракати дея қабул қилиш мумкин.

Украина махсус кучларининг Киев Мустақиллик майдонида намойиш ўтказаётган фуқароларга қарши юриши ва бунинг оқибатида келиб чиққан қонли тўқнашувлар камида 25 кишининг ўлими ва юзлаб одамларнинг жароҳат олиши билан якун топган.

Киевдаги фожеали воқеаларга боғлиқликда Оврўпо сиёсатчилари Украина ҳукуматига қарши санкциялар киритиш таклифини яна бир бор кўтарганлар.

Оврўпо Иттифоқининг бош дипломати Катрин Аштон аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларини фавқулодда мажлисга чақирган. Мажлисда айнан санкциялар масаласи кун тартибидаги асосий мавзу бўлиши айтилади.

"Россия маъмурияти нуқта назаридан қаралса, Украинада юз бераётган воқеалар учун жавобгарлик бутунлай экстремистик унсурлар бўйнидадир. Уларнинг қилмишларини, бизнинг назаримизда, давлат тўнтарилиши ҳаракати дея талқин қилиш керак", - деб айтган Президент Путиннинг матбуот котиби.

Дмитрий Песков Путин ўз ҳамкасби Виктор Янукович билан ўтган тунда телефон орқали суҳбатлашганини тасдиқлади, лекин суҳбат тафсилотини очиқламади.

"Бундан телефон суҳбати ҳақиқатдан ҳам кеча тунда бўлиб ўтди. Лекин бу суҳбатнинг гўёки таркиби дея чоп қилинаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, улар сохта маълумот", - деди у.

Унинг айтишича, Путин ўз украин ҳамкасбига ҳеч қачон нима қилиш ва қандай чора кўриш борасида маслаҳат бермаган ва бермайди.

"Президент Путин фикрида, ким, қандай йўл билан бу вазиятни ўнглашишга эришиши буткул Украина ҳукуматининг ишидир", - деди Песков.

Аввалроқ баъзи украин ахборот воситалари Янукович сешанба оқшомида Путин билан телефон орқали боғланишга урингани, бироқ Путин гўёки у билан мулоқот қилишни истамаганини ёзишганди.

Украинада ўтган бир кун ичида ҳалок бўлган одамлар хотирасига мотам эълон қилинган. Охирги маълумотларга кўра, қурбонлар сони - 25 одам.