"Президент Януковичнинг қаердалигини ҳеч ким билмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина Президенти Виктор Янукович мухолифат билан келишувни эълон қилганидан сўнг, жума кечқурундан буён қаерда эканлиги маълум эмас.

Ҳукумат ва мухолифат ўртасидаги келишув томонларнинг қуролли тўқнашувларига чек қўйиши кутилаётганди.

Мухолифатга кўра, Янукович аллақачон мамлакатни тарк этган.

"УДАР" партияси раҳбари Виталий Кличко бу вазиятда муддатидан олдин сайловлар эълон қилиш лозимлигини таъкидлаган.

Франс Пресс агентлиги Оқ Уйдаги манбаларга таяниб, Янукович Харковга борганини хабар берган, бироқ шаҳар аэропорти маъмурияти бу хабарни рад қилган.

Интернет орқали учоқларнинг йўналишини кузатадиган фаолларнинг таъкидлашича, Януковичга тегишли деб ишониладиган учоқ Бирлашган Араб Амирликларининг аэропортларидан бирига бориб қўнган.

Олдинроқ Харков вилояти ҳокими Михаил Добкин 22 февралда Украинанинг жануби-шарқий вилоятлари депутатлари съезди Харковда бўлиб ўтишини эълон қилганди.

Шу билан бирга Рада спикери, "Регионлар партияси"нинг аъзоси Владимир Рибак истеъфо берган.

Image caption Киев шимолидаги президент қароргоҳига журналистлар ва фаоллар киришган.

Келишувлар иш бермади

Президент Янукович ва мухолифат ўртасида можарони бартараф қилиш борасида келишув имзоланганига қарамасдан, кам сонли фаоллар Киевдаги президент қароргоҳи олдида тўпланганлар.

Би-би-си мухбирига кўра, бино ичкарисида милиция ва "Беркут" кучлари йўқ. Бино атрофида ҳам Майдон ҳимоячиларини кўриш мумкин.

Жума куни кечқурун "Ўнг қанот" фаоллари Януковичнинг истеъфосини талаб қилиб, 22 февралга қадар муддат берганлар. Акс ҳолда президент қароргоҳига ҳужум қилиш билан таҳдид қилишган.

Намойишчиларга кўра, Янукович ва мухолифат ўртасидаги келишув амалга ошишига ишониб бўлмайди. Жума куни Майдонда ҳалок бўлганларга мотам тутилган ва президент Янукович истеъфоси талаб қилинган.

Музокаралар

Жума, 20 февралда Украина парламенти мухолифати ва Президент Янукович мамлакатдаги сиёсий инқирозни бартараф қилиш бўйича келишувни имзолаган эдилар.

Бундан олдин Майдондаги намойишчилар томонидан ҳам келишув маъқулланган.

Учрашувда мухолифат лидерлари Арсений Яценюк, Олег Тягнибок, Виталий Кличко, ва шунингдек Олмония Ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Штайнмайер, Полша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский, Франция Ташқи ишлар вазири Лоран Фабиус ва Россия омбудсмени Владимир Лукин иштирок этганлар.

Тарафлар 2004 йил конституциясини қайта тиклаш, коалицион ҳукумат тузиш ва декабр ойида муддатидан олдин президентлик сайловини ўтказишга рози бўлганлар.

Олий Рада намойишчилар учун амнистия тўғрисидаги қонунни қабул қилган.

"Батькивщина" раҳбари Арсений Яценюк келишувни мамлакатда ҳуқуқ ва адолат ўрнатилишида қўйилган дастлабки қадам деб атаган.

Шу билан бирга у , "жинояткорона буйруқ"ларни берганлар албатта жазоланиши кераклигини таъкидлаган.

Олий Раданинг 2004 йилги Конституцияга қайтиш ҳақидаги қонунини 386 депутат қувватлаб овоз берган.

Путин ва Обама

Киевдаги АҚШ элчилиги билдиришича, Президент Барак Обама Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали гаплашган.

Жаноб Обама ва жаноб Путин Киевдаги вазиятни муҳокама қилганлар.

Иккала раҳбар яқинда Украина ҳукумати ва мухолифат имзолаган келишувни тезроқ ҳаётга тадбиқ этиш кераклигини айтишгани хабар қилинмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ