Президент Янукович истеъфо бермоқчи эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Президент Янукович телемурожаати Харков шаҳрида тасвирга олинган.

22 февралда деярли бир кун қаердалиги маълум бўлмаган Украина Президенти Виктор Януковичнинг телемурожаати давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган. Киевдаги сўнгги ҳодисаларни у давлат тўнтаришига уриниш деб таърифлаган.

Маҳаллий вақт билан соат 16 да Украина давлат телевидениеси Президент Виктор Януковичнинг олдиндан ёзиб олинган телемурожаатини эфирга узатган.

Бир неча телеканаллар Президент Янукович баёнотини намойиш этганлар.

Бу мурожаатида жаноб Янукович ўзининг қонуний сайланган президент эканини урғулаган ва истеъфо бериш ниятида эмаслигини маълум қилган.

У янада кўп қон тўкилиши олдини олиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилаётганини айтган.

Украин мухолифати Киевдаги барча давлат биноларини назорат қилаётганларини айтмоқда, жаноб Янукович бу амалларни "ёввойилик", "безорилик" ва "давлат тўнтариши" деб атаган.

Олдинроқ мухолифатдаги "Баткившина" партияси раҳбари Турчинов Украина Олий Радаси спикери этиб сайланган, жаноб Янукович айтишича, парламент спикери Владимир Рибак дўппосланган ва истеъфо беришга мажбур қилинган.

Жаноб Янукович Украинада бўлаётган сўнгги ҳодисаларни Олмониядаги нацистларнинг бош кўтаришига қиёслаган.

У мамлакатни тарк этиш ниятида эмаслигини айтган.

Президент Янукович телемурожаати Харков шаҳрида тасвирга олинган.

Бу мавзуда батафсилроқ