Сочи Қишки Олимпиадаси ниҳоясига етди

Сочида XXII Қишки Олимпиада Ўйинларининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди.

Олимпиада мезбони Россия медаллар ҳисобида иштирок этган мамлакатлар ичида ғолиб бўлди. Ўзбекистонлик спортчиларга эса медал насиб қилмади.

Россия спортчилари 13 олтин, 11 кумуш ва 9 бронза медали билан мусобақаларни жуда муваффақиятли якунладилар.

Бу Россия терма жамоасининг СССР давридаги чиқишлар билан ҳисоблаганда 1976 йил Инсбургдаги Қишки Олимпиада ўйинларидан буён кўрсатган энг яхши натижаси ҳисобланади.

Ўшанда СССР терма жамоаси 13 олтин, 6 кумуш, 8 бронза медалини олган эди.

Шунингдек, бу Қишки Олимпиада тарихида мезбон мамлакатнинг тўртинчи бор ғалаба қозонишидир.

Россия Олимпия қўмитаси раиси Александр Жуков Сочидаги ғалаба спортчиларнинг катта меҳнати эвазига эришилганини айтар экан, терма жамоага бешта олтин медал олиб келган Виктор Ан ва Вик Уайлднинг муваффақиятларини эслаб ўтган.

Бу спортчилар илгари Корея ва Америка жамоаси таркибида қатнашганлар.

Шунингдек 4 йилдан буён Россия терма жамоаси таркибида ўйнаётган украиналик Татяна Волосажар Максим Транков билан бирга фигурали учишда Олимпиада чемпиони бўлди.

Александр Жуков бошқа миллат спортчиларининг ғалабага қўшган ҳиссаларини қайд этар экан, россиялик спортчилар орасидан ғолиблар кўпайишига эътибор қаратиш лозимлигини ҳам таъкидлаган.

Шунингдек, ғалабага умид қилинган миллий хоккей терма жамоасининг мағлубиятини афсус билан эслаган.

Медаллар ҳисобида Норвегия иккинчи, Канада учинчи ўринни олди.

Марказий Осиё мамлакатларидан жами 55 спортчи қатнашди, ундан 50 таси Қозоғистон, 3 таси Ўзбекистон, биттадан Тожикистон ва Қирғизистон терма жамоаси вакиллари.

Бироқ шунча спортчи ичидан фақат қозоғистонлик Денис Тен фигурали учиш мусобақаларида бронза медалини қўлга киритди холос.

Олимпиаданинг энг нуфузли спорт тури- эркаклар ўртасида хоккей беллашувларининг ғолиби канадалик спортчилар бўлди.

Олимпиаданинг охирги кунидаги финал мусобақасида улар Швеция терма жамоасини 3:0 ҳисобида мағлуб этишди.

Сочида 21 мамлакат спопртчилари олтин медалга сазовор бўлгани ҳам ўзига хос рекорддир. Ванкувер Олимпиадасида 19 давлат вакилларига олимпиада ғолиблиги насиб қилганди.

Сочи Олимпиадаси кетказилган харажатлар ҳисобидан тарихдаги энг қиммат олимпиада бўлди. Сарф-харажатлар баҳоси 50 миллиард доллар деб баҳоланади.

Россия расмийлари бюджетдан атиги 7 миллиард сарф қилинганини таъкидлашади.