Украина: Виктор Янукович мамлакатни тарк этишига рухсат берилмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи UNIAN
Image caption Янукович Раданинг охирги қарорини ноқонуний деб атаган.

Виктор Янукович чартер рейси билан Донецкдан учмоқчи бўлганда, керакли ҳужжатлар йўқлиги боис бунга узн берилмаган.

"Шанба куни Донецк аэропортидан чартер рейси талаб қилинган муҳим ҳужжатларсиз учишга уринмоқчи бўлди", - деб тасдиқлаган Украина Чегара хизмати раҳбари Сергей Астахов.

"У (Янукович) Россияга учиши керак бўлган учоққа ўтирмоқчи бўлди, бироқ чегарачилар уни тўхтатиб қолишди. Ҳозир қаердадир, Донецкда яширинган",- дейди вақтли ҳукумат раҳбари Александр Турчинов.

Унинг сўзларига кўра, текширувчи чегарачиларни трап олдида қуролли кишилар қарши олиб, ҳужжатсиз учиш учун пул таклиф қилишган.

Чегарачилар кўнмагач, учоқ олдига ойнаси қорайтирилган икки машина келган ва Янукович учоқдан машинага ўтириб, номаълум томонга кетган.

Айни пайтда истеъфо беришни рад қилган президентнинг қаердалиги номаълум қолмоқда.

Шунингдек, Астаховнинг айтишича, ички ишлар вазири Захарченкога ҳам керакли ҳужжатларсиз учишга рухсат берилмаган.

Чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринганлиги айтилган собиқ бош прокурор Виктор Пшонка, Харков вилоят маъмурияти раҳбари Михаил Добкин ва Харков ҳокими Геннадий Кернесларга ҳам чиқиб кетишга рухсат берилмаган.

Норасмий хабарларга кўра, истеъфога чиқарилган бош вазир Николай Азаров ҳозир Россияда.

Шанба куни Олий Рада Янукович конституцион вазифаларни бажармаганлигини рўкач қилиб, унинг ваколатлари тугатилганини эълон қилган ва муддатидан олдин президентлик сайловларини 25 майга белгилаган эди.

Украина вақтли ҳукумат раҳбари парламент спикери Александр Турчинов бўлган.

Бундан олдин президент Янукович телевидение орқали қилган мурожаатида Раданинг қарори ноқонуний эканлигини айтган ва истеъфога чиқмаслигини билдирган. Янукович мухолифатнинг ҳаракатини "ёввойилик", "давлат тўнтариши" деб атаган.

Кеча Харковдаги касалхонадан озодликка чиқарилган собиқ бош вазир Юлия Тимошенко Майдонда намойишчилар олдида чиқиш қилган.

У жумладан, намойишчиларни отишга буйруқ берганлар албатта жазосини олишини таъкидлаган ва Януковични Майдонга олиб келиш кераклигини айтган.

Якшанба куни Киевда Олий Рада йиғилиши бошланган. Кутилишича, янги ҳукумат коалицияси тузилади ва бош вазир тайинланади.

Юлия Тимошенко, Петр Порошенко ва Арсений Яценюклар бош вазирликка даъвогарлар саналади.

Бу мавзуда батафсилроқ