Медведев: Украинадаги воқеалар Россияга хавф туғдиради

Фото муаллифлик ҳуқуқи kmu.gov.ua
Image caption Медведев Украина собиқ бош вазири Николай Азаровнинг Россияда эмаслигини айтган.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведевга кўра, Киевда нима бўлаётганига тушуниш қийин.

Москва 23 февралда Киевдаги элчиси Михаил Зурабовни чақирилишини Украинада юзага келган мураккаб вазиятни таҳлил қилиш учун, дея изоҳлаган.

"Бизнинг миллий манфаатларимизга ва бизнинг Украинадаги одамларимиз ҳаётига хавф мавжуд. Қўпол қилиб айтганда, ҳозир у ерда гаплашадиган одамнинг ўзи йўқ, Украинада тузилаётган қатор идораларнинг қонунийлиги катта шубҳа туғдиради. Агар юзларига маска тутиб олиб, Киев кўчаларида автомат билан юрганларни ҳукумат деб ҳисобланса, бундай ҳукумат билан ишлаш қийин бўлади", дейди Россия бош вазири.

Медведевнинг сўзларига биноан, "Украинада рисоладагидек, қонун ва конституцияга асосланган замонавий ҳукумат пайдо бўладиган бўлса, Москва ундай ҳукумат билан алоқаларни тиклашга тайёр".

Шунингдек, жаноб Медведев Россия-Украина ўртасида тузилган келишувлар, жумладан газ шартномаси бажарилиши кераклигини айтиб ўтган.

Мухбирларнинг Украина собиқ бош вазири Николай Азаров Россиядами, деган саволига- бундай маълумот йўқлигини билдирган у.

Медведевга кўра, ҳар бир одам қаерда яшашини ўзи ҳал қилиш ҳуқуқига эга.

Олдин тарқалган хабарларга қараганда, Николай Азаров Россияга қочган бўлиши мумкин.

Ҳозир манзили номаълум қолаётган собиқ президент Виктор Янукович ҳам Донецкдан Россияга қараб учмоқчи бўлганда рухсат берилмагани айтилди.

Украинадаги оммавий намойишларда ўнлаб қурбонлар берилиши манзарасида президент Янукович ва қатор юқори лавозимли раҳбарлар Украинани тезликда тарк этишга тушдилар.

Ғарб давлатлари, Оврўпо Иттифоқи муваққат ҳукуматни қувватлади. Оврўпо Иттифоқи Украинани иқтисодий инқироздан сақлаб қолиш учун ёрдам ваъда қилди.

Айни дамда Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров ва АҚШ Давлат котиби Жон Керри Украинадаги вазиятни телефон орқали муҳокама қилганлар.

Керри Украина янги ҳукуматини дастаклашни айтган, Лавров эса мухолифатни Янукович билан келишувга амал қилмаганликда айблаган.

Шу билан бирга Президент Путин Олмония канцлери Ангела Меркел билан ушбу масалани гаплашган.