Украинада Виктор Янукович ҳибсга олиниши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Украина муваққат ички ишлар вазири Арсен Аваковнинг хабар тарқатишича, қудратдан кетказилган президент Виктор Януковични ҳибсга олиш учун ордер чиқарилган ва қидирув эълон қилинган.

Арсен Аваков Facebook ижтимоий тармоғида берган хабарга кўра, Янукович ва бошқа бир қанча мулозимларга "тинч фуқароларни оммавий ўлдириш" бўйича жиноий иш очилган.

Киевда намойишларни тарқатиш ўнлаб қурбонларга сабаб бўлганди.

Шанба куни Рада депутатлари Янукович конституцион мажбуриятларни бажармаганлигини айтиб, уни президентлик лавозимидан бўшатишни ёқлаб овоз берганлар. Украинада муддатидан олдинги президентлик сайловлари 25 майга белгиланган.

Воқеалар ривожи ортидан Украинада президент дохил, қатор давлат мулозимлари мамлакатдан чиқиб кетишга уринганлар.

Якшанба куни Виктор Янукович чартер рейси билан Донецкдан учмоқчи бўлганда, керакли ҳужжатлар йўқлиги боис бунга узн берилмагани ҳақида хабар чиққан.

"У (Янукович) Россияга учиши керак бўлган учоққа ўтирмоқчи бўлди, бироқ чегарачилар уни тўхтатиб қолишди. Ҳозир қаердадир, Донецкда яширинган",- деб айтган муваққат президент Александр Турчинов.

Унинг сўзларига кўра, текширувчи чегарачиларни трап олдида қуролли кишилар қарши олиб, ҳужжатсиз учиш учун пул таклиф қилишган.

Чегарачилар кўнмагач, учоқ олдига ойнаси қорайтирилган икки машина келган ва Янукович учоқдан машинага ўтириб, номаълум томонга кетган.

Муваққат ички ишлар вазири Аваковнинг айтишича, Януковични якшанба куни Қримнинг Балаклавасида кўрганлар.

"Янукович президент маъмурияти раҳбари Андрей Клюев билан бирга уч машинада Балаклавадан номаълум томонга қараб кетган. Улар билан алоқага чиқишнинг иложи йўқ", деган у.

Украина Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳозирча бу хабарни изоҳламаган.

Бундан олдин Янукович мухолифатнинг истеъфога чиқиш талабини рад этган ва мамлакатдаги охирги воқеаларни "давлат тўнтариши" деб атаганди.

"Ғазнада пул йўқ"

"Янукович Азларов(собиқ бош вазир) билан бирга ғазнада ҳеч нарса қолдирмаган. Жаҳон иқтисодининг кўтарилиши манзарасида Украина иқтисоди пастликка қараб кетмоқда ва инқироз ҳолатида", деб маълум қилган муваққат президент Турчинов Рада йиғилишида.

"Янги ҳукуматнинг вазифаси мамлакатни жарликдан қутқариб қолиш, валюта курсини барқарорлаштириш, иш ҳақлари, пенсия, стипендияларни ўз вақтида тўлашни кафолатлаш, инвесторларнинг ишончини қайтариш, янги иш ўринлари тузиш, корхоналарни ривожлантиришга кўмаклашиш", деган жаноб Турчинов.

Бу мавзуда батафсилроқ