Украина инқирози: "Бўлгинчиликнинг хатарли белгилари"

Украина муваққат президенти Александр Турчинов Виктор Янукович ағдарилгандан сўнг бўлгинчилик кўринишларидан хавотирларини билдирган.

Парламентда чиқиш қилган жаноб Турчинов ҳуқуқ тартибот идоралари билан рус миллати катта бўлган ҳудудларда бўлгинчиликка йўл қўймаслик масаласини муҳокама қилишини айтган.

Миллий ҳукумат тузиш пайшанба кунгача кечиктирилган.

Украинадаги русий забон аҳоли оврўпоча давлат қурилишига қарши.

Қрим ва мамлакат шарқидаги бир қатор вилоятлар Россияга қўшилишни кўтариб чиқиб, Янукович кеткизилишига қарши намойишга чиққанлар.

Януковичнинг тарафдорлари кўп бўлган Харьковда вилоят ҳокими Михаил Добкин Украинада русийзабон аҳолининг ҳуқуқлари топталаётганини айтиб, ўз номзодини президентликка қўйишини билдирган.

Россия ҳам бундай ўзгаришлардан ғазабда. Лекин Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Москва Украинанинг ишларига аралашмаслигини айтмоқда.

Сергей Лавров Украинага нисбатан бир томонлама ёндашувдан сақланишга, Ғарбни "ё биз билан ё бизга қарши" ғояси билан иш қилмасликка чақирган.

"Украинанинг Оврўпонинг тўлақонли аъзоси бўлиши Россиянинг манфаатларига тўғри келади, бироқ "радикал ва миллатчиларнинг майдонга келиши хатарли", дейди Лавров.

Душанба куни Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Украинадаги янги ҳукуматнинг қонунийлигига шубҳа билдириб, Киевда қурол кўтариб, маска кийиб юрганлар ҳукумат бўладиган бўлса улар билан келишув қийин, деб айтганди. Шунга қарамай, Украина билан келишилган шартномалар бажарилиши кераклигини қайд этган.

Бироқ, Россия илгари ваъда қилган 15 миллиард қарз қачон берилиши аниқ эмас.

Молиявий ёрдам

Оқ Уй вакили Жей Кернига кўра, Америка Украина вақтли ҳукуматига ёрдам беришга тайёр, Виктор Янукович эса бундан буён президент сифатида қабул қилинмайди".

"Янукович Украинанининг демократик сайланган президенти бўлса ҳам, у ўзининг ҳаракати билан қонунийлигига путур етказди", деган у.

Бу каби фикрни Ғарбнинг бошқа давлат вакиллари ҳам билдиришган.

"Америка бутун дунёдаги ҳамкорлари каби Украинага иқтисодий барқарорликка қайтиш учун ислоҳотлар ўтказишда кўмак кўрсатади", деди жаноб Керни журналистларга.

Украинага тақдим этиладиган ёрдам 15 миллиард долларни ташкил этади, деб хабар беради Ассошиэйтед Пресс агентлиги америкалик мулозимларга иқтибосан.

Украина Молия вазирлиги маълум қилишича, мамлакат иқтисодини барқарорлаштириш учун кейинги икки йилда камида 35 миллиард керак бўлади ва Украина донор мамлакатлар ёрдамига мухтождир. Турчинов олдинроқ айтганидек, "Мамлакат хазинасида деярли пул йўқ, мамлакат таланган".

Сиднейда бўлиб ўтган Россия ҳам қатнашган "йирик саккизлик"давлатлари молия вазирлари учрашувида ҳам Украинага ёрдам муҳокама қилингани маълум.

Яқин кунларда ўтиши режаланаётган донор мамлакатлар анжуманида ҳам Украинага кўмак масаласи кўриб чиқилади.

Украина халқаро ёрдамсиз мислсиз иқтисодий инқирозга дучор бўлиши мумкин, дейди шунингдек, Британия Ташқи Ишлар вазири Уилям Хейг.

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Киевдаги вазият

Минглаб одамлар ҳали ҳам Киевдаги Майдонда қолишмоқда.

Майдондаги намойишчилар энди ўз-ўзини қўриқлаш вазифасини зиммаларига олганлар.

"Бир кунда бутун милиция хизмати қочиб кетди, кўп миллионли шаҳар қўриқчисиз қолди. Икки кун ухламай назоратни хавфсизликни таъминлашни қўлга олишга тўғри келди. Биз милиция жойига қайтишига ҳаракат қиляпмиз. Йигитлар навбатчилик қилишяпти. Беркут тақиқланиши ва зўравонликларда қатнашганларнинг қонун асосида жазога тортилишига эришамиз. Бизда сиёсат билан шуғулланишга ҳозир вақт йўқ, биз хавфсизликни таъминлашимиз керак. Майдоннинг талаблари бажарилиши керак", дейди Майдон коменданти бўлган йигит.

Украина Ташқи Ишлар вазирлиги вазият назорат остидалигини таъкидламоқда.

Сешанба куни Украинада сайлов кампанияси бошланган.

Душанба куни Украинага ташриф буюрган Оврўпо Иттифоқи вакили Кетрин Эштон мухолифат етакчилари билан учрашган.

Януковичнинг қаердалиги ҳануз номаълум. Хабарларга биноан қўриқчилари хизматидан воз кечган Януковични охирги марта Қримда, Балаклавада кўришган.