Хитой: уйғур олимига расман бўлгинчилик айблови қўйилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Илҳом Тўхтанинг эркин ҳаракатланиши бир неча йил муқаддам чеклаб қўйилганди

Хитой расмийлари ҳибсга олинган таниқли уйғур олими Олим Тўхтага бўлинчилик айбловини қўйганлар.

Бу ҳақда Олим Тўхтанинг хотини маълум қилган.

Пекин университети иқтисод фанлари профессори Илҳом Тўхта Хитойнинг этник сиёсати танқидчиларидан эди.

У ўтган ой полиция томонидан ўз уйидан олиб кетилганди.

Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқи жаноб Тўхтанинг ҳибсга олинишидан хавотир изҳор этган.

Уйғур мусулмонлари яшовчи Хитой ғарбидаги Шинжон минтақасида сўнгги йилларда марказий ҳокимиятга қарши тез-тез халқ ғалаёнлари бўлиб туради.

Расмий Пекин тартибсизликлар учун одатда экстремист ва бўлгинчиларни айблайди.

Аммо уйғур фаоллари зўравонликлар ва тартибсизликлар замирида этник зиддиятлар ва Хитойнинг қаттиққўл сиёсати ётганига ишора қилишади.

"Кулгили"

Жаноб Тўхтанинг хотини Гўзалой Нурий Олим Тўхтага нисбатан бўлгинчлик айблови қўйилганидан сешанба куни хабардор бўлганини айтган.

Уйғур олими ҳозирда Шинжонда ушлаб турилибди.

Гўзалой Нурий турмуш ўртоғига қўйилган айбловни "кулгили" дея баҳолаган.

"У ҳеч қачон бўлгинчилик қилмаган. У ўқитувчи," деб айтган Нурий хоним.

Жаноб Тўхтанинг адвокати, Ли Фангпинг, Шинжон маркази Урумчига сафар қилгани, бироқ у билан ҳозирга қадар учраша олмаганини айтган.

"Унинг баёнотларига эътибор берадиган бўлсак, қўйилган айбловни исботлайдиган бирор далил йўқ," деб айтган Ли Фангпинг Франс-Пресс хабар агентлигига.

Аввалроқ Хитой давлат матбуоти жаноб Тўхта "бўлгинчилик фаолияти" учун сўроқ қилинаётганини хабар берганди.

Жаноб Тўхта ўз веб сайти орқали Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини танқид қилган ва ўтган йил октябр ойида Хитойнинг Тянанмен майдонида содир этилган ҳужум ортидан уйғурларга нисбатан босимлар кучайиб бораётганидан хавотир изҳор этганди.

Тянанмен майдонида ёниб турган автомобилнинг инсонлар орасига ҳайдалиши натижасида беш нафар инсон ҳалок бўлганди.

Пекин ҳодиса учун уйғур бўлгинчиларини айблаган.

Шинжон ўтган ойларда бир неча бор қонли зўравонликларга саҳна бўлди.

Хитой давлат матбуоти хабарларига кўра, шу ой бошида полиция билан бўлган тўқнашувларда 11 нафар инсон, ўтган январ ойида юз берган зўравонликларда эса 12 нафар инсон ҳалок бўлган.

Мазкур ҳодисалар тафсилотини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш мушкул, чунки минтақага хорижий матбуот ходимларининг сафар қилиши қаттиқ назорат қилинади.

2009 йилда Урумчи шаҳрида юз берган тартибсизликлар ортидан Хитой жаноб Тўхтанинг ҳаракатланишини чеклаб қўйганди.

Бу мавзуда батафсилроқ