Рамзан Қодиров Украинадаги чеченларни ҳимоя қилишга ваъда берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Украинадаги воқеалар ортидан у ердаги чечен миллатига мансуб фуқароларга босим бўлаётганини айтган.

Рамзан Қодировга кўра, унда чеченларнинг бизнеси ва шахсий хавфсизлигига нисбатан жиддий муаммолар пайдо бўлаётгани ҳақида маълумот бор.

"Украинани безори ва террористларга бериб қўймаслик керак", деб чиққан жаноб Қодиров миллатдошларини ҳам ундай кишилардан ҳимоялашга ваъда бермоқда.

Шунингдек, Рамзан чеченлар ва россияликлар манфаатларини бошқа мамлакатларда ҳам ҳимоя қилишга тайёр эканини айтади.

"Украинада Ғарб режаси бўйича давлат тўнтариши содир бўлди. Ҳукуматни террористлар ва безорилар эгаллаб олди. Ўз вазифасини сидқидилдан бажарган "Беркут"чиларни тиз чўктиришди. Қримда татар картасини ўйнамоқчи бўлишяпти", деб ёзди Рамзан Қодиров Инстаграм саҳифасида.

"Мен расман билдираманки, Украинада яшовчи кишилар ва айнан чеченлар учун улар жавоб беришади. Мулки, тижорати ва ҳаёти учун. Одамлар тинч яшашлари керак. Намойишларда ҳеч нарсага эришилмайди", деб таъкидлайди Чеченистон раҳбари.

Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган Рамзан Қодиров ўтган йил Инстаграм саҳифасида Харков вилоят ва шаҳар ҳокимлари даврасида тушган расмини қўйган эди.

Украинадаги охирги воқеалар манзарасида мухолифатга кескин қарши бўлган Харковнинг маҳаллий раҳбарлари Михаил Добкин ва Геннадий Кернес Россияга ўтишга уринишган, бу самара бермагач, яна ишга қайтган эдилар.

Харков вилоят ҳокими Михаил Добкин рус миллатига мансуб аҳолига босим бўлаётганини айтиб, улар ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун президентлик сайловларида қатнашишини эълон қилди.

Харков шаҳар ҳокими Геннадий Кернес эса бундан фарқли янги ҳукумат билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Ўз навбатида Украина вақтли ички ишлар вазирлиги мурожаат билан чиққан, унга кўра, Россиянинг Украинада миллий озчиликларга нисбатан босимлар бўлаётгани ҳақидаги хабарлари ёлғон ва фитна қўзғатувчидир.

Бу мавзуда батафсилроқ