Қрим Олий Радаси мухторият ҳақида референдум ўтказмоқчи

Қрим Олий Радаси мухторият ваколатларини кенгайтиришни кўзлаган бутун Қрим референдумини ўтказишни ёқлаб чиққан.

Бу ҳақда Қрим парламенти матбуот хизмати хабар қилмоқда.

"Фақат умумқрим референдумини ўтказишгина мухторият мақомини мукаммаллаштириб ва кенгайтириб, қримликларга ташқи босим ва кўрсатмаларсиз келажакдаги автономия тақдирини аниқлашларига имкон беради", дейилади Қрим Олий Рада мурожаатида.

Қрим бош вазир ўринбосари Рустам Темургалиевга кўра, йиғилиш қуролли кишилар эгаллаган Қрим парламенти биносида бўлиб ўтган.

Радада Россия байроғи

Пайшанбага ўтар кечаси Қрим Олий Радаси ва вазирлар маҳкамасига қуролли гуруҳ бостириб кирган.

Номаълум кишилар бинога Россия байроғини ўрнатишган. Уларнинг талаблари нимадан иборатлиги ҳозирча маълум эмас.

Би-би-си мухбирига кўра, Симферопол маркази милиция томонидан ўраб олинган, ҳеч ким ўтказилмаяпти.

"Эрта тонгда автомат ва пулемёт билан қуролланган гуруҳ Симферополда Қрим Олий Радасини босиб олгани ҳақида Фейсбукдаги саҳифасида хабар берган Украина муваққат ички ишлар вазири Арсен Аваков шаҳар марказида қуролли тўқнашув содир бўлишига йўл қўймаслик чоралари кўрилганини, ички қуролли кучлар ва барча милиция таркиби кўтарилганини билдирган.

Қрим ҳукумати раҳбари Анатолий Могилёвга кўра, бино ичидагилар билан музокара олиб боришга ҳаракат қилинмоқда.

"Биз қримликларни кун давомида воқеалар ривожидан хабардор қилиб борамиз. Ҳаммаси назорат остида", деб хабар беради Қрим ҳукумати веб сайти.

Рустам Темиргалиевнинг сўзларига биноан, Рада ва вазирлар маҳкамасига кирганлар ўзларини "Қримнинг русийзабон аҳолиси ўз-ўзини ҳимоя қилиш гуруҳи вакиллари" деб аташган.

Темиргалиев "Симферопол биносини босиб олганлар Россия элчихонаси раҳбарлари билан мулоқот қилишга кўнмаганлар"ини айтган.

Гувоҳларга қараганда, Симферопол марказига йўналган камида еттита Россия БТРлари яна ортга қайтганини кўрганлар.

Бундан олдин муваққат президент Александр Турчинов Россиянинг Қора денгиз флоти ҳарбийлари Севастополдаги ҳарбий-денгиз базасини тарк этмасликларини талаб қилган эди.

"Мен Украина ҳудудида бўлган Россиянинг барча ҳарбийларига мурожаат қиламан. Икки мамлакат ўртасидаги келишувга биноан, барча ҳарбийлар белгиланган ҳудудда бўлишлари лозим. Ундан ташқарига чиқиш ҳарбий тажовуз сифатида қабул қилинади", деб айтган жаноб Турчинов.

Қримдаги намойишлар

Чоршанба куни Симферополда Россияга қўшилиш тарафдорлари ва қаршилар ўртасида тўқнашув юз берган, 20 га яқин киши яраланган, бир кекса киши вафот этган.

Қрим парламентида Украина таркибидан чиқиб Россияга қўшилиш масаласи муҳокама қилиниши керак эди, бироқ бу ортга сурилган.

Киев янги ҳукуматини қувватлаган қрим татарлар "Украинага шарафлар", "Аллоҳу акбар!" деган шиорларни айтишган.

Бунга жавобан автономия тарафдорлари рус тилидаги қўшиқларни куйлаб, "Россия" деб қичқиришган.

Айни пайтда Украина муваққат президенти Турчинов Яценюкни Бош вазир қилиб тайинланганини билдирган.

Яценюк номзоди пайшанба куни тузилган коалиция томонидан илгари сурилган ва депутатлар томонидан маъқулланган.

Парламентда чиқиш қилган Яценюк Украина сиёсий ва иқтисодиқ инқироз олдида турганини айтган.

Бу мавзуда батафсилроқ