'Ал-Қоида' тармоғи Афғонистонга қайтмоқчи', буёғи қандоқ бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

АҚШ томонининг баён қилишича, "Ал-Қоида" тармоғининг Афғонистондаги раҳбари Фаруқ ал-Қаҳтаний ал-Қатарий худди шунинг ҳаракатида: Маҳаллий иттифоқчилари билан алоқаларини мустаҳкамлаб, янги жангариларини тайёрлаш учун кичик сонда тажрибалиларини Афғонистонга келтирмоқда.

Америкалик ҳарбий мулозимларга кўра, худди шу сабабдан ҳам, Афғонистоннинг Покистонга чегарадош шарқий Кўнар ва Нуристон вилоятларида ал-Қатарий ва унинг издошларига қарши дрон ҳужумларини кучайтиришган.

Уларнинг айтишларича, бу каби амалиётларидан мақсад - тармоқнинг Афғонистонда 90-йиллар охиридагисига ўхшаш юзлаб жангариларни тайёрлашга мўлжалланган йирик жамлоқлар барпо этишининг олдини олишдир.

АҚШ томонининг сўнгги баёноти Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари Афғонистондан оммавий сафарбарликни бошлаган ва расмий Кобул билан муҳим хавфсизлик битими имзоланмаган бир манзарада янграмоқда.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, агар мазкур мазкур келишув имзоланмаса, афғон тупроғида бирорта ҳам хориж аскари қолмайди.

Куни-кеча эса, АҚШ Президенти Барак Обама Афғонистон раҳбари Ҳомид Карзай бу масалани очиқ қолдирса, келаси йилгача ҳамма аскарини олиб чиқиб кетиши билан таҳдид қилганди.

Бунинг ортидан, Афғонистон президенти маъмурияти жаноб Карзай ҳали-бери бундай ишни қилиш нияти йўқлигини айтиб чиққанди.

Айрим таҳлилчиларга кўра, АҚШ томонининг Афғонистон "Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг ниятларига оид жума кунги баёноти айнан афғон президентига босим ўтказиш мақсадида ҳам қилинган бўлиши мумкин.

Аммо Ғарб давлатлари ҳарбийлари ва Нато генераллари томонидан бу каби хавотирли чиқишлар сўнгги йилларда тез-тез кузатилаётгани ҳам бор гап.

Image caption Суҳбатдошимиз Пол Рожерс глобал хавфсизлик масалалари бўйича эксперт, Оксфорд Университети профессори

Шундай экан, бу таҳдид қанчалик реал? Биз ушбу савол билан Лондондан халқаро ҳарбий таҳлилчи Пол Рожерс ва Афғонистондан минтақавий таҳлилчи Фазл Аҳмад Бургутларга мурожаат қилдик:

Пол Рожерс: Мен буни у қадар жиддий таҳдид, деб баҳоламаган бўлардим. АҚШ махсус кучларининг бир неча йиллик дрон ҳужумлари сабаб, Покистон шимоли-ғарбида жон сақлаб келаётган "Ал-Қоида" жангарилари жиддий талофат кўришган. Аммо тармоқнинг ғояси ҳануз тирик. Дунёнинг кўплаб ҳудудларида, жумладан, Нигерия, Сомали, Яман, Ироқ, Сурия ва яна қатор бошқа давлатларда улар ҳозир анча фаол. Аммо Покистон шимоли-ғарбидаги фаолиятлари анча чекланган. Бироқ, ҳамма гап шундаки, Покистондаги "Ал-Қоида" жангарилари хорижий иттифоқ қўшинларининг бу йилги оммавий сафарбарликлари ортидан, яна Афғонистондан хавфсиз бошпана топиш илинжида. Лекин бунга Толибон ҳаракатининг рухсат бериш-бермаслиги, ҳозирча, маълум эмас. Таъкидлаб ўтиш жоиз, воқеаларнинг бу каби ривожи Вашингтонни жиддийгина хавотирга солмай қўймайди.

Би-би-си: Яқинда Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг айрим юқори мартабали генераллари Афғонистонда "Ал-Қоида" тармоғи жангариларининг сони ошиб бораётганидан хавотир билдириб чиқишганди. Кейин уларнинг Покистон билан чегарадош шарқий Кўнар ва Нуристон вилоятларида қайта фаоллашаётганига оид хабарлар ҳам бор. Шундай экан, "Ал-Қоида" тармоғининг Афғонистондаги ҳозирги фаоллиги даражаси ва қудрати ҳақида нима дея оласиз?

Пол Рожерс: Менимча, улар бугун кўп нарсага қодир эмас. Бироқ ҳамон афғон тупроғида ва ўзининг аввалги қудратини қайта тикламоқчи. Америка эса, худди шу манзарада ҳануз расмий Кобул билан муҳим хавфсизлик шартномасини имзолай олгани йўқ. Расмий Вашингтон бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан, Афғонистонда 10 мингтача аскарини қолдиришни истайди. Бу Америка томонига Афғонистон Қуролли кучларига ёрдам бериш билан бирга, "Ал-Қоида"ники дохил исёнчи гуруҳларнинг ҳар қандай шубҳали кўринган жамлоқларига қарши махсус рейдлар ва дрон ҳужумлари уюштириш учун муҳим. Аммо, икки ўртада битим имзоланмаса, бунга муваффақ бўлолмайди. Шу боис ҳам, расмий Вашингтон бундан хавотирда. Тез орада ўз лавозимини топширажак Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай учун эса, худди шу нарса керак. Чунки жаноб Карзай уларнинг қанчалик ташвишда эканликларидан фойдаланиб, улардан кўпроқ турли кўринишдаги ёрдамларни ундирмоқчи.

Би-би-си: Дейлик, расмий Вашингтон ва расмий Кобул ўртасида хавфсизлик битими имзоланмаса ҳамда афғон тупроғида бирорта ҳам хорижий аскар қолмаса, "Ал-Қоида" тармоғи Афғонистонда ўзининг аввалига қудратига қайтиши мумкинми?

Пол Рожерс: Мен "Ал-Қоида" тармоғининг минглаб жангарилари билан Афғонистонга келиб, Толибон ҳаракатининг муваффақиятини таъминлашда ёрдам берган 99-йиллар охиридаги қудратига қайтади, деб ўйламайман. Бироқ улар афғон жамиятидан ўрин олишга ҳаракат қилиб кўришлари тайин. Агар, президент Карзай ҳукумати толибларни сиёсий жараёнларга жалб эта олса, "Ал-Қоида" жангариларининг бу каби ҳаракатлари қанчалик самарали бўлиши ҳам савол остида. Чунки халқаро миқёсдаги режалари боис, бу гал аксарият Толибон қўмондонлари уларга Афғонистондан бошпана бериш масаласида жуда эҳтиёт бўлишади. Лекин, шунга қарамай, "Ал-Қоида" тармоғи, барибир, Афғонистонга қайтишга уриниб кўради.

Би-би-си: Халқаро ҳарбий экспертлар орасида Афғонистон "Ал-Қоида" тармоғининг раҳбари Фаруқ ал-Қаҳтаний ал-Қатарий қанчалик маълум? У ҳақда, шахсан сиз, нималарни биласиз?

Пол Рожерс: У ҳақда кўп нарса маълум эмас. Саҳнада яқинда пайдо бўлган. "Ал-Қоида" тармоғининг ўрта бўғинига мансуб ва ёш намоёндаларидан. Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, тармоқнинг айни шу мартабадаги кўплаб вакиллари сўнгги йилларда Американинг дрон ҳужумларида ўлдирилди. Ҳозир кузатилаётган ҳолат шундайки, тармоқнинг катта сиёсий тажрибага эга аъзолари ўрнини жанговарлик салоҳияти баланд бўлганлари эгаллашмоқда. Улардан аксарияти эса, аввалги сафдошларидан кўра радикалроқ. Шу боис ҳам, яна Афғонистонга қайтиш режасида эканликларига ўхшаш жиддий таҳдидлар билан чиқишмоқда.

Би-би-си: Агар, Ғарб ҳарбийлари бераётган баҳоларга таянилса, дунёнинг қатор давлатлари қолиб, сўнгги йилларда Афғонистоннинг ўзида ҳам "Ал-Қоида" тармоғи қайта фаоллашишга муваффақ бўлаяпти? Сизнингча, бунга нима сабаб бўлди?

Пол Рожерс: Мен "Ал-Қоида" мукаммал бир тармоқ сифатида эмас, балки ғоя сифатида тирилаяпти, деб айтган бўлардим. Тармоқ ҳозирга келиб жанубий-шарқий, жанубий Осиё ва Яқин Шарқнинг каттагина қисмида қайта бирлашишга муваффақ бўлган ёки бошқа гуруҳлар билан иттифоқчиликка киришган. Бугун Нигерия шимолида катта бошоғриқларга сабаб бўлаётган "Боко Ҳарам" исломий жангари гуруҳи бунга бир мисол. Буларнинг барчасига ўша давлатларнинг ўзларига хос муаммолари, дейлик, ҳукуматларидан норозилик туйғулари сабаб бўлган. Дейлик, ҳозир Суриядаги ярим ҳарбийларга қўшилиб, президент ал-Ассад ҳукуматига қарши жанг олиб бораётганлари ҳам бор. Бу эса, "Ал-Қоида" тармоғининг аввалгидек халқаро миқёсда куч-қудратга эга эмаслигини, глобал тармоқ сифатида уюшқоқлиги анча бўшашганини кўрсатади. Лекин, аввал ҳам айтиб ўтганимдек, "Ал-Қоида" ғоя сифатида тирик ва хавфсизлик нуқта назаридан, бу омилни эътибордан қочириб бўлмайди.

Би-би-си: Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг афғон можаросига бирор бир ечим топмай, Афғонистонни тарк этишга тушишгани, Толибон ҳаракати билан тинчлик музокаралари ҳануз иш бермаётгани ва муҳим хавфсизлик битимининг ҳануз имзоланмагани назарда тутилса, "Ал-Қоида" тармоғининг бу яқин келажакда минтақага хавф солиши мумкин бўлган таҳдидга айланиши эҳимоли қанчалик катта?

Пол Рожерс: Бундай эҳтимолни назардан соқит этиб бўлмайди. Бироқ муайян давлатларни истисно этганда, тармоқ солиши мумкин бўлган таҳдид ҳануз нисбатан кам, деб ўйлайман. Улар ҳозир жуда фаол бўлган давлатлар эса, Нигерия, Сурия ва Ироқдир. Дейлик, Ғарб дунёси тан олмаётган эса-да, Ироқда биз сўнгги йилларда зўравонлик кўламининг кескин ошганига гувоҳ бўлдик. "Ал-Қоида" тармоғи ғояси тирик экани боис, менимча, уни мавҳ этиш узоққа чўзилади.

Сўнгги янгиликка Афғонистоннинг ўзидан туриб, муносабат билдирган минтақавий таҳлилчи Фазл Аҳмад Бургутнинг айтишича, "Ал-Қоида" тармоғининг яна ортга қайтиш хавфи жиддийдир.

Афғонистонлик таҳлилчига кўра, бугунги кунда молиявий ҳомий илинжида бўлган Толибон ҳаракатини Ғарбнинг янги амалиётлари хавфи ҳам тармоқ билан қайта иттифоқчиликка киришишидан қайтара олмайди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Агар...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Америка Жосуслик хизмати мулозимлари келтирган рақамларга таянилса, Афғонистонда "Ал-Қоида" тармоғи жангариларининг сони ортиб бормоқда ва ҳозирга келиб, бир неча юзга етган.

Уларга кўра, ҳозир ушбу жангарилар катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетишларини кутиб, пайт пойлаб туришибди.

АҚШ ҳарбийларининг айтишларича, агар, Афғонистондаги ҳеч бўлмаса битта базаларидан дрон ҳужумларини давом эттиришмаса, ал-Қатарий ва унинг жангарилари алал-оқибат ўзларини яна нишонга олишлари мумкин.

Лекин ҳарбий экспертлар Фаруқ ал-Қаҳтаний ал-Қатарийни тармоқнинг ўта хавфли лидерларидан бири сифатида кўришмайди.

Уларнинг наздларида, тармоқнинг ўзи ҳам бундан 13 йил аввалги қудратига эга эмас.

Аммо, халқаро таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, "Ал-Қоида"нинг ғояси ҳануз тирик.

Шу боис ҳам, тармоқ солажак хавфни назардан қочириб бўлмайди. Уни даф этиш ҳам осон бўлмайди.

Ўз ўрнида, эслатиб ўтиш жоиз, АҚШ "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодинни 2001 йил Нью-Йорк ва Вашингтонда уюштирилган ҳужумларга масъул, деб топганди.

Унинг ўзини эса, Афғонистондаги ҳарбий амалиётларидан 10 йил ўтиб, 2011 йил Покистонда ўлдиришга муваффақ бўлганди.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ишғоли ортидан, Афғонистонда тармоқнинг яқин иттифоқчиси бўлган Толибон тузуми ағдарилган ва уларнинг паноҳи остида бўлган "Ал-Қоида" жангариларининг аксарияти қўшни Покистондан бошпана топишганди.

"Ал-Қоида" тармоғиа 1988 ва 1989 йиллар оралиғида марҳум Усама бин Лодин томонидан асос солинган.

Ўз вақтида глобал исломий жангари тармоқ бўлган тармоққа ҳозир унинг муовини Айман аз-Завоҳирий бошчилик қилади.

Тармоқнинг бугунги қудрати

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўтган йил эса, "Ал-Қоида" тармоғининг амалдаги раҳбари Айман аз-Завоҳирий аъзолик шартларини осонлаштиришини баён қилганди.

Оқ Уйнинг 2011 йил чиқарган ҳисоботида айтилишича, худди шу сабаб тармоқ ҳозир ҳар қачонгидан ҳам катталашган.

"Ал-Қоида ўзаги" - Завоҳирий ва унинг сафдошларидан ташқари, тармоқ таркибида унинг кўплаб "иттифоқчилари" ҳам бор, деб ёзади American Enterprise Институти тадқиқодчиси Кэтрин Зиммерман.

Бу "иттифоқчилар" орасида "аш-Шабоб"дан ташқари "Ироқдаги ал-Қоида", "Исломий Мағрибдаги ал-Қоида", "Араб Ярим Оролидаги ал-Қоида" ташкилотлари бор.

Бундан ташқари "ал-Қоида"да унга аъзо бўлмаган тарафдорлари ҳам талайгина.

"Дунё бўйлаб "ал-Қоида"га ёрдам бераётган ва унинг ғояларини қўллаб-қувватлайдиган 100 мингдан ортиқ партизанлар бор," - деб ёзади Лондонда жойлашган Quilliam тадқиқот маркази тадқиқодчилари Номан Бенотман ва Жонатан Рассел.

"Ал-Қоида" ерости йўллари, савдо марказлари ва бошқа жойларга ўзининг шафқатсиз ҳужумлари билан ажралиб туради.

Бироқ, шундай бўлса ҳамки, тармоқ сафларига янги аъзолар қўшилишда давом этмоқда.

"Завоҳирийнинг айтишича, Ғарб давлатлари уларни ҳеч қачон йўқ қила олмайди," - дейди БМТ қошидаги "ал-Қоида" ва Толибонни мониторинг қилиш гуруҳининг собиқ мувофиқлаштирувчиси Ричард Барнетт.

"Ал-Қоида" бир ташкилот эмас, дея тушунтиради у, "бу бир ғоядир".