Сурия инқирози: Ёрмуқдаги қочқинлар аҳволи аянчли

Қарийб бир йилдан буён ташқи дунёдан узилиб қолган Ёрмуқ қочқинлар жамлоғига инсонпарварлик ёрдами етказилди.

Лекин очликдан ва касалликдан силласи қуриган минглаб инсонларнинг ҳаётини айни дамда ушбу ёрдам енгил қилиши мушкул.

Ёрмуқ қочқинлар жамлоғида аҳвол танг, қочқинлар халқаро вакилларга "бизга ёрдам беринг, биз ўляпмиз", деб ёлворишади.

Узоқ вақт қамалда бўлган Дамашқ жанубидаги фаластинлик ва суриялик қочқинларнинг жамлоғига борган БМТнинг Қочқинлар агентлиги раҳбари Филиппо Гранли кўрганларидан даҳшатга тушганини айтган.

Ўн минглаб одам овқат олишга интилиб, "юракни эзувчи" манзарани юзага келтирганлар.

Агентлик ходими Крис Гиннес гувоҳ бўлганларини қиёмат қойимга, у ердаги одамларни тирик арвоҳларга ўхшатади.

"Озиқ овқат солинган жўнатмага навбатда турган болаларнинг ориқ, юракни эзувчи юзлари, очликдан жон берган боласи устига эгилган мотамсаро она, йўқолган қизини топган отанинг қувонч ёшлари... Буларнинг ҳаммасини тасвирлаб бериш қийин", деб айтади у.

Ёрмуқдаги фожеани кўрган Би-би-си мухбири Луиз Дейсат ёрдамга ўта муҳтож минг-минглаб одамлар жон аччиғида у ерни тарк этишни хоҳлашаётганини хабар беради.

"60 ёшли Вафиқа ажин босган юзларига оқаётган ёшларини тийолмайди: "мен дўззахдан чиқиб келдим", биз ўтларни еб тирик қолдик".

Ёрмуқ зилзила бўлган ҳудудни эслатади. Бетон плита ва тошлар тартибсиз тахлаб ташланган. Вайроналар бўйлаб қочқинлар овқатга узундан-узун навбатда туришади. Халқаро агентлик ходимлари ҳар бир кишига овқат етказишга ҳаракат қилади. Лекин егулик етиб келишига сабри чидамаганлар қичқириб олдинга интилишади.

Юзлаб одамлар оқими хавфсизлик учун ўрнатилган тўсиқни босиб кетмоқчи бўлади. Аскарлар БМТ томонидан берилаётган озиқ-овқат учун талпинаётган оломонни бор кучлари билан ушлашга ҳаракат қилади.

"Мен чарчадим, жуда чарчадим", дея бақириб йиғлайди бир аёл оломон орасидан.

Одамларнинг кўпчилигининг кўзида ёш. Ногиронлар аравачасида ўтирган қариялар, аёллар, болаларнинг очликдан силласи қуригани кўриниб туради.

13 ёшли Киффаҳ "очликдан азоб чеккан кунларини эслаб йиғлаб юборади ва бошқа гапиролмайди", дейди Би-би-си мухбири.

Ёрмуқ- катта урушнинг кичик акси

Суриядаги фуқаролар уруши бошланмасдан аввал Ёрмуқ фаластинлик қочқинларнинг дунёдаги энг катта жамлоғи эди.

1948 йил Араб-Исроил уруши боис пайдо бўлган жамлоқ ҳудудида 180 мингдан ортиқ киши яшаб келган.

Сурия инқирози бошлангач, жамлоқ жанг майдонига тушиб қолди. Қочқинларнинг кўпчилиги дастлаб исёнчиларни ёқлашган.

2013 йил ёзидаги қамалгача жамлоқдан бир гуруҳ одамлар қочишга улгуришди. Исёнчилар Ёрмуққа кириб олгач, озиқ-овқат, дори-дармон келиши тўсиб қўйилди. Жамлоқда юздан ортиқ одамнинг ёстиғини қуритган очарчилик бошланди.

Феврал бошида Сурия ҳукумати ва исёнчилар ўртасидаги вақтинчалик келишувга биноан, халқаро инсонпарварлик ёрдамлари келтирилишига имкон берилди.

Ёрмуқ катта урушнинг кичик акси. Лекин ундаги вазият ночорлик ва вайронагарчилик ҳақида тўлиқ тасаввур беради. Инқироздан чиқишни қандай бўлмасин йўлини топиш зарурлигини англатади.

Бу мавзуда батафсилроқ