"Украина ҳарбийлари қуролларини топширганлари йўқ"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украина Мудофаа вазирлиги Россия оммавий ахборот воситаларининг "Украина ҳарбийлари Қримдаги ҳарбий бўлимларни тарк этган"и ҳақидаги хабарини рад қилди.

Вазирлик матбуот хизмати айтишича, бу хабар очиқ бузғунчилик мақсадини кўзлайди.

"Украина армияси Украина ерини ҳимоя қилади", деб айтган муваққат президент Олександр Турчинов.

"Қримдаги Украина Қуролли кучлари мавжуд мураккаб вазиятга қарамасдан, босиқликни сақлаб турибди. Музокаралар орқали қон тўкилишига йўл қўймасликка ҳаракат қилиб, оилалари ва тинч фуқаролар олдидаги масъулиятларини тўлиқ тушунган ҳолда вазифаларини бажармоқда".

"Украина Қуролли кучлари ҳарбийлари қуролсизланиш талабини бажаришни рад қилмоқда", дейилади мурожаатда.

Намойишлар

Якшанба куни Киевда Овромайдон тарафдорлари яна Мустақиллик Майдонига йиғилиб, норозиликларини билдиришган.

Лондонда бир неча юз киши Россия элчихонаси олдида намойиш ўтказди.

Иштирокчилар "Украинага шарафлар", "Путин, Украинадан қўлингни торт!" ва "Украинада урушни тўхтатинг" каби шиорларни айтишган.

Украинадаги вазиятга Россиянинг аралашувини қоралаш билан бирга, Москванинг Ассад режимини қувватлаганига қарши акциялар ҳам бўлган.

Элчихона олдида тўпланганлар Украина ва Сурия байроқларини кўтариб олишган.

Москвада Россиянинг Украинага ҳарбий юришини ёқлаган кўп минг кишилик акция бўлиб ўтган. Қўлларида "Қрим - Россия сен билан", "Икки мамлакат-бир халқ" шиорлар бўлган ёшлар "Беркут" - биз сен билан!" "Путин Россияни қутқармоқда!" сўзларни айтиб қичқиришган.

Шу билан бир қаторда Россия амалини қоралаб чиққан намойишчилардан 50 кишини "жамоат тартибини бузганлик"да айблаб ОМОН ҳибсга олган.

Қримнинг турли шаҳарларидан Украина ва Россия қўшинларининг қуролсиз қарама-қарши ҳаракатлари ҳақида хабарлар келяпти.

Айни пайтда Британия йирик саккизлик саммити тайёргарлиги музокараларидан чиққан. Олдин АҚШ, Канада ва Франция Россия ҳаракатларига қарши музокараларни тўхтатган эди.

Ижтимоий тармоқларда Россия-Украина воқеалари қизғин муҳокама қилинмоқда. Турли мазмундаги фикрлар орасида АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Майкл Макфол ҳам изоҳ қолдирган.

"Руслар ва украинларнинг чуқур тарихий, маданий ва қариндошлик алоқалари борлигини ҳисобга олинса, рус аскарлари украиналикларга ўқ узиши мумкинми? Умид қиламанки, йўқ", деб ёзди у Твиттердаги саҳифасида.

Бу мавзуда батафсилроқ