Кунмин даҳшати ортидан ғазаб ва изтироб...

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Кунмин бекатидаги ҳужумнинг ўта даҳшатли жиҳатлари мавжуд. Бор-йўғи 12 дақиқа давом этган хунрезликда 29 киши нобуд бўлган. Қўлланган қуроллар эса - қилич ва чопқи. Ҳужум, афтидан, ўта совуққонлик билан шафқатсизларча режаланган.

Хитой бўйлаб интернет орқали билдирилаётган ғазаб ва қайғу-аламнинг чеки йўқ. Ҳодиса жойига ўрнатилган кичик ёдгорлик пойига одамлар гуллар қўйиб, шамчироқлар ёқишмоқда.

Хотинини поездгача кузатиб чиққан Шианг Фенг Юдан ҳодисага муносабатини сўрайман.

"Бу даҳшат", дейди у буғзига тиқилган йиғини тўхтатишга ва кўзидаги ёшларини тийишга уринаркан. "Мен гапира олмайман, узр", дея сўзлашдан бош тортади Шианг Фенг Ю.

Ҳодиса нафақат изтироб, балки ғазаб ҳисларини ҳам қўзғаган.

"Мен шу қадар ларзага тушдимки", дейди ёдгорлик тагига шам ёқаётганлардан бири.

"Қандай қилиб бегуноҳ инсонларга шу қадар озор бериш мумкин? Дўстлари ва оилалари бошига шу кун тушса, ўзларини қандай ҳис қилардилар?" дея савол қўяди у.

'Иккиюзламачилар'

Кунмин станциясидаги ҳаёт бу қадар тез ўз измига тушиб кетгани ҳам ўта ҳайратланарли.

Ҳодисадан 24 соат ўтиб-ўтмай, ҳужумга алоқадор барча излар йўқотилди. Ердаги қон ювилди, бекат одатдагидек оммага хизмат кўрсата бошлади.

Расмийлар ушбу ҳужум ортида Шинжондаги бўлгинчилар тургани борасидаги зудлик билан чиқарилган хулоса учун етарли барча далилларни қўлга киритганларига ишонадилар.

Кенг миқёсли даъводан бўлак бошқа тафсилотлар ошкор қилингани йўқ. Аммо, агар бу ҳақиқат бўлса, Хитойнинг ҳозиргача фақат тутаб турган уйғур муаммоси ўт олаётганини англатади.

Шинжон Афғонистон, Покистон ва туркий тилда сўзлашувчи собиқ Шўро давлатлари билан анчайин очиқ чегарага эга. Йиллардан бери у ерда радикал ва халқаро фаоллик мавжудлигига ишоралар бор эди.

Шарқий Туркистон Исломий Ҳаракати 2002 йилда АҚШнинг террорчи ташкилотлар рўйхатига жойланган. Аммо, ҳозиргача Шинжон ичкарисидаги зўравонликлар асосан уйғурлар ва хавфсизлик кучлари орасида кечган.

Хитойнинг қаттиққўл мавқеи халқаро журналистларнинг Шинжондан хабар беришлари ва у ердаги тилга олинаётган радикал Исломчилару бўлгинчилик кайфиятлари қанчалар кучли эканини ўрганишга имкон бермайди.

Бу эса, ҳозиргача Хитой ҳукумати уйғурларнинг дини, тили ва маданиятига қўйилаётган чекловларни оқлаш учун ҳақиқий вазиятни бўрттириб кўрсатган деган хулосага етаклайди.

Бундай даъволар эса, Хитой ҳукуматини ғазабини қўзғайди ва ғарблик таҳлилчиларни уйғурлар ҳуқуқларига диққат қаратиш, террорчиликка иккиюзламалик билан ёндашишда айблайди.

Хитой Кунминдаги ҳужум борасидаги халқаро хабарларга ҳам худди шундай ҳақорат билан қаршилади.

"Ғарб матбуоти иккиюзлама экани аниқ ва уларнинг бағритошлиги бирёқламаликдан келиб чиқади", деб ёзилади Коммунистик партияга тегишли рўзномада.

"Сиз "инсон ҳуқуқлари" ҳақида гапирмаяпсизми? Қонига беланиб ётган жабрдийдаларни кўрдингизми?... Агар худди шу ҳол АҚШда юз берганда эди, қурбонлар сонидан қатъий назар нима деб шарҳлаган бўлар эдингиз? Ўшанда ҳам "террорчи" деган сўзни ишлатишда хасислик қилган бўлар эдингизми?" дея ёзғиради рўзнома.

Давлат назоратидаги Синхуа ахборот агентлиги Кунмин ҳужумини "Хитойнинг 11 сентябри" деб таърифлаган. Бу билан Хитой таҳдид ҳақиқий экани ҳақидаги даъволарини қаттироқ қўядиган кўринади.

Бу мавзуда батафсилроқ