Россия Украинага газ нархига имтиёзни бекор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Украина Россия ўзига нисбатан газдан қурол сифатида фойдалана олмаслигини билдирган.

"Газпром" апрел ойидан бошлаб Украинага етказиладиган газ нархига имтиёзни бекор қилади, деб айтган ширкат бошқаруви раиси Алексей Миллер.

Миллерга кўра, Украина томони феврал ойигача бўлган газ таъминоти учун қарзларини тўлиқ тўлашга имкони йўқлигини билдирган.

Бундан ташқари Украина ўтган йилдан қолган қарзларини узганича йўқ, деган жаноб Миллер.

Россия Бош вазири Дмитрий Медведев Украинага газ имтиёзларининг шундай шароитда бекор қилинишини бутунлай қонуний деб атади.

Шунингдек, Медведев Молия вазирлигига Украинанинг ёнилғидан қарзларини узиш учун Киевга 2-3 миллиард қарз берилишини кўриб чиқишни топширган.

Сешанба куни Подмосковьедаги қароргоҳида матбуот анжумани ўтказган Россия президенти Владимир Путин сўзларига қараганда, Украинага газ нархи бўйича имтиёзларнинг тугатилиши сиёсий вазиятга боғлиқ эмас, қарзларнинг узилмаганига талуқли холос.

Газпром раҳбари Украинанинг Россиядан шу йилги ёнилғи қарзи 1,529 долларни ташкил қилишини келтиради. Айни пайтда Киев ўтган йилги газ учун Россиядан 17 миллиард доллар қарздор ҳисобланади.

Украинанинг янги ҳукумати бу ўзгаришдан қандай фикрда?

Муваққат бош вазир Арсений Яценюк Киев Россиядан олган газнинг ҳақини тўлашга маблағ топишини айтиб, Россия газдан қурол сифатида фойдалана олмаслигига ишора қилмоқда.

Бош вазирга кўра, Москва Украинага газ таъминотини тўлиқ тўхтатишини ҳам кутиш мумкин.

Жаноб Яценюк ушбу вазиятда "қувурларни бошқа томонга буриш"га ваъда берган.

Бироқ у айнан нимани назарда тутаётганини изоҳламаган.

Яценюк Украинанинг "Нафтогаз" ширкатини бюджетдаги юк ва шаффоф бўлмаган юҳога қиёслаган.

Ўтган ойда оммавий намойишлар манзарасида Кремлда Путин ва Янукович ўртасида ўтган музокаралар чоғи Россия Украинага узатадиган газ нархини учдан бир қисмга пасайтирган.

Аввал ҳар 1,000 кубметр газга 400 доллар тўланган бўлса, бу нарх $268.5га туширилган эди.

Музокараларда Россия Украинанинг 15 миллиард долларлик қимматбаҳо қоғозларини сотиб олишга ҳам рози бўлгани айтилганди.