Оврўпо Иттифоқи инқироз ичидаги Украинага 15 миллиард доллар бермоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Иттифоқнинг молиявий ёрдами келаси икки йилни кўзда тутади.

Уларнинг бу каби баёнотлари Россия Украина юзасидан мавжуд тангликни юмшатиш борасида ўзини кескин танқидга тутиб келаётган АҚШ билан музокараларга рози бўлган бир пайтда янграмоқда.

АҚШ Давлат котиби ва Россия Ташқи ишлар вазири жуда муҳим музокаралар столига ўтириб, Украина инқирози юзасидан мавжуд тангликни юмшатишга уриниб кўришмоқчи.

Расмий Вашингтон Кремлни Украинанинг Қрим минтақасига ўз қўшинларини сафарбар қилиб, "тажовузкорана амал"га қўл урганликда айблайди.

Россия томони эса, ўзларига қарши янграётган бу қабила айбларни рад этади.

Жумладан, президент Владимир Путин кеча сешанба куни Украинада ҳозирча қўшинлари йўқлигини айтиб чиққан, аммо сафарбар этишлари эҳтимолини назардан соқит этмаганди.

Тарафлар ўртасидаги бу каби кескин қарама-қаршиликларга қарамай, икковлон музокараларга ҳозир эканликларига ҳам ишора қилишди.

Агар, Украинадан олинган хабарларга таянилса, расмий Москва жанубий Қрим мухтор бўлгасини ўз назорати остига олиб бўлган.

Ўтган тунда ҳам Қримда танглик давом этган, аммо бирор бир зўравонликлар кузатилмагани айтилмоқда.

Шу ҳафта келиб чиққан тангликка расмий Москванинг россияликлар ва русийзабонларни ҳимоя қилиш учун шарқий Украинага киришлари мумкинлиги билан огоҳлантириши сабаб бўлганди.

Россия парламентининг ушбу қарори дунё миқёсида кескин танқидлар билан қарши олинганди.

Қатор музокаралар режаси

Украина инқирозига "бефарқ" бўлмаган бу икки қудратли давлат ташқи ишлар вазирлари Ливан масаласига бағишлаб, Парижда ўтказилиши режаланган анжуман баҳона гаплашиб олишмоқчи.

Шу мулоқотлари чоғида Украина инқирозига музокаралар йўли билан барҳам бериб бўладими-йўқми, билиб олишмоқчи.

Нато ҳам Украина юзасидан Россия билан Брюсселда музокаралар олиб бормоқчи.

Аввалроқ иттифоқ Бош котиби расмий Москвани "Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига дахл қилишда" айблаганди.

Буларнинг барчаси манзарасида Оврўпо Иттифоқи Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон хонимлари янги Украин ҳукумати билан музокаралар олиб бориш учун Киевга сафар қилмоқчи.

Россия эса, орада яна бир қитъалараро баллистик ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилишни ҳам унутмади.

Расмий Москва яқинда Украинада юз берган қудрат алмашинувини кескин қоралаб чиққанди.

90 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган бир неча ойлик намойишлар ортидан, Россиянинг яқин иттифоқчиси бўлган Украинада москвапараст президент Виктор Янукович вазифасидан кетишга мажбур бўлганди.

АҚШ Давлат Котиби Жон Керрининг ўзи Киевга сешанба куни сафар қилганди.

Унинг ўз кузатувларидан келиб чиқиб айтишича, ҳозир Украинадаги ҳамма Россия фуқаролари ёки русийзабонлар ҳам таҳдид остида экани нишоналари кўзга ташланмайди.

АҚШ Давлат котибининг сўзларига кўра, "Россия Украинани янада кўпроқ ишғол қилиш мақсадида ўлиб-тирилиб баҳона излаётгани аниқ".